...
МЕНЮ
ONLINE TV

Пойтахт ИИББ бошпанасизлик муаммосига эътибор қаратди


11:39, 30.03.2018 Жамият
 2 104

ИИББ бошпанасиз фуқароларни яшаш жойи билан таъминлайдиган ваколатли орган эмас!

Интернет ижтимоий тармоғида “Алина Хафизова” исмли фойдаланувчи 79 ёшли, ўзини Алексей деб таништирган кекса кишининг кўчада қолгани ҳақида хабар қолдирган. Ушбу хабарга муносабат билдиришар экан, “Алина Хафизова” ва тармоқдаги яна бошқа фойдаланувчилар “Ҳукумат Алексейга қандай ёрдам бериши мумкин?” деган саволни ўртага ташлаган, деб ёзмоқда Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайти.
 
Учтепа тумани ИИБ ФМБ дан маълум қилишларича, ушбу шахс Баранов Алексей Федорович бўлиб, 1939 йилда Россиянинг Москва шаҳрида туғилган. Ота-онаси вафотидан кейин меҳрибонлик уйида яшаган. Лекин, ўзининг айтишича негадир у ердан доим қочиб кетишга уринган. Алексей ўтган асрнинг 80-йилларида Беларусь Республикасида оила қурган. Тўрт фарзанди бор, бироқ уларнинг исмларини аниқ эслолмайди. Ичкиликка ружу қўйгани оқибатида турмуши бузилган ва шундан сўнг Ўзбекистонга кўчиб келган. Бу ерда маълум вақт собиқ “Главташкентстрой” бошқармаси ётоқхонасида ва Зангиота туманидаги бир оила хонадонида яшаб, уй ишларида кўмаклашиб юрган. Бироқ, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилган суриштирув натижасида А.Барановнинг ётоқхонада рўйхатга олингани ва у ерда яшагани ҳақидаги маълумот ўз тасдиғини топмади.





Ўтган вақт мобайнида Учтепа туман ИИБ ФМБ ходимларининг ташаббуси билан Барановга касалхонада бир неча марта тиббий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, ҳудуддаги хусусий корхоналарга Алексейга тунаш учун шароит яратиб бериш юзасидан мурожаатлар қилинган. Лекин афсуски, бу билан муаммо тўлиқ ўз ечимини топмаган.
 
Албатта, бунинг учун биринчи галда А.Барановнинг шахсини аниқлаш ва ҳужжатларини расмийлаштириш талаб этилади ва ҳозирда ИИББ томонидан бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Алексей Федорович Учтепа туманидаги шаҳар тез ёрдам клиник шифохонасига ётқизилган. Шу вақт оралиғида ИИББ томонидан фуқаронинг яшаш жойини хал этиш кўзда тутилган. А.Баранов қўним топган маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда Учтепа туман ҳокимлигига ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига мурожаатномалар юборилди.




 
Шу ўринда, ИИББ томонидан ўтказилаётган “Хавфсиз худуд” тадбирлари давомида яшаш учун доимий жойи бўлмаган шу каби фуқароларнинг шахсини аниқлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, ишга жойлаш ва уларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилаётганини таъкидлаш жоиз. Бироқ, ИИББ бошпанасиз фуқароларни яшаш жойи билан таъминлайдиган ваколатли орган эмаслигини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз.




 
Бу борада хориж тажрибаси шуни кўрсатадики, аксарият мамлакатларда, хусусан АҚШ, Исроил ва Европа давлатларида бундай масалалар билан асосан ижтимоий таъминот органлари ва муассасалар шуғулланади. Кўпинча уй-жойсиз фуқароларга хайрия ва диний ташкилотлар ҳамда одамларнинг ўзлари ҳам ёрдам қўлини чўзадилар. Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтимизда Алексей каби қийин аҳволда қолган инсонларга бефарқ бўлмаган саховатпешалар топилишига ишонади.
Фирдавс БЕК

Теглар:ИИББ бошпанасиз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар