Ўзини санитария-эпидемиология назорат маркази ходими деб таништираётган кимсалар турли ҳашаротларга қарши дори воситалари билан савдо қилишмоқда
“Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг “Суваракларга қарши восита”лар ҳамда “вакцина” сотувчи сохта ходимлар Яккасарой туманигача етиб келишди. Бугун куни билан Муқимий кўчасидаги 1-сонли кўп қаватли уйни айланишди. Кундузи уйда йўқ эдик, бироқ 3-қаватда яшайдиган қўшниларимиз муваффақиятли равишда улардан “калтакесакларга қарши вакцина”ни 20 000 сўмга сотиб олишибди.
Улар ўзларини жуда безбетларча тутишаяпти, имкон қадар уй ичига киришга ҳаракат қилишаяпти.
Мен уй эшиги ҳудудига кузатув камерасини ўрнатганман. Улар камерани кўришган, шунга қарамай, эшигимиз қўнғироғини чалиб, бир неча бор тақиллатишган. Қўшнимизнинг ҳам эшигини тақиллатишган.
Мен одамлар ана шу “қаҳрамонлар” ҳақида билишлари керак, деб ҳисоблайман. Эътиборингизга кузатув камераларидан фойдаланган ҳолда скриншотларни ҳавола этаяпман. Эҳтиёт бўлинг!”, деб ёзади гуруҳ аъзоси.
Гуруҳ аъзосининг ушбу постига қолган фойдаланувчилар ҳам фикр билдиришди ва шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам шу ва шу каби санитария-эпидемиология хизматининг сохта ходимлари кезиб юришганини, турли вакциналар билан савдо қилаётганликларини айтишди.
Азиз ҳамшаҳарлар, хонадонингизга ўзини санитария-эпидемиология хизматининг ходими деб таништирган шахсларнинг ҳужжатини сўраш ёдингиздан чиқмасин.