Полиция шубҳа уйғотган қора танли кишига қарата ўқ отиши сабаб намойиш иштирокчилари тартибсизликларни юзага келтиришди.
Сешанба, 20 сентябрь куни полиция томонидан қора танли кишининг ўлдирилиши туфайли намойишлар бошланган эди. Маълумотларга кўра, Шарлотт шаҳрида яшовчи қора танли фуқаро ўз автомобилидан ўқотар қурол билан тушган ва тезлик билан яна машинага ўтирган. Бу ҳолат полицияда шубҳа уйғотган. У яна қурол билан автомобилдан тушган вақтида полиция вакиллари унга қарата ўқ узишга мажбур бўлишган. Натижада фуқаро жароҳат олиб, шаҳар касалхонасига етказилган ва ўша ернинг ўзида жони узилган.
Штат губернатори Шарлотт шаҳрига Миллий гвардия ва патруль-пост хизмати кучларини сафарбар этишга буйруқ берди. Улар шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдам берадилар. “Аҳоли ва полиция ўртасида бундай келишмовчилик юзага келишига қаршимиз”, дея сўзга чиққан губернатор штат кўплаб қўшимча ресурсларга эгалигини таъкидлаб ўтди.
Хабарларга кўра, тартибсизлик вақтида бир киши жиддий жароҳат олган, асосан қора танлиларни ташкил этувчи ўнлаб кишилар дўкон ойналарини синдириб, автомобилларга зарар етказишди. Бир сутка мобайнида давом этган тартибсизлик полициянинг кўзни ёшлантирувчи газни қўллаганидан сўнг бироз босилди. Бироқ шаҳар марказида ҳамон оммавий тартибсизликлар давом этмоқда.