Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан сўнг Покистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Покистон Президенти Ўзбекистонга ташрифини Самарқандни зиёрат қилишдан бошлади. Олий мартабали меҳмон Президент Ислом Каримов ташаббуси билан қайта қурилган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди.
Шарқ меъморлигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган мақбара, айвон ва улкан масжид меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Мамнун Ҳусайн Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда буюк аждодлар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, улар номи билан боғлиқ масканларни обод этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бериб, ушбу маскан бутун мусулмон оламининг муқаддас қадамжоларидан бири эканини таъкидлаган.
Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида меҳмонга Соҳибқироннинг давлатчилик тарихи, мамлакатда илм-фан, маданият, ҳунармандликни ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари, бунёдкорлик салоҳияти ҳақида маълумот берилди, дейилади хабарда.
Дунёга машҳур Регистон мажмуаси билан танишув ва бу ердаги миллий ҳунармандлик буюмлари намойиши ҳам Покистон Президентида катта таассурот қолдирди. Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллақори мадрасалари ўзбек халқнинг бой маданияти, юксак ақл-заковатидан далолат бериши алоҳида қайд этилди.