8 июнь куни Буюк Британияда муддатидан аввалги парламент сайловлари ўтказилди.
Дастлабки натижаларга кўра, Мэй бошқарадиган консерватив партия сайловларда етакчилик қилмоқда. Бироқ шу билан бирга у кўпгина овоз йўқотаётганини сўровномалар (экзит-полл) натижаларига қараб билиш мумкин. Мэй ўзининг сиёсий мухолифлари учун зарур бўлган 12 та ўринни бой беряпти.
Консерваторлар партияси жами 650 та ўриндан 314 та, лейбористлар 266 та, Шотландия миллий партияси 34 та, Либерал-демократик партия эса 14 та ўринни қўлга киритмоқда.
Бирлашган Қиролликнинг Мустақиллик партияси эса ҳеч қандай ўринни эгаллай олмади. Қолган сиёсий партиялар умумий 18 та ўринга эга бўлди.
Партия парламентда мутлақ кўпчиликка эга бўлиши учун камида жами ўринларнинг ярмидан кўпини – 326 та ўринни қўлга киритиши керак. Ҳозирча ҳеч қайси партия бундай натижага эриша олмади.
Тереза Мэйга мутлақ кўпчиликни шакллантириш учун яна 12 та ўрин етишмаяпти.
Буюк Британияда муддатидан аввалги парламент сайловлари мамлакат бош вазири Тереза Мэй ташаббуси билан ўтказилди. У Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш масаласи бўйича парламентда бирдамлик йўқлиги учун мазкур сайловларни ўтказиш керак, деб ҳисоблаган эди.
Янги парламент Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича музокаралар олиб боради ва ўзининг сиёсатидаги барча эътиборни мамлакат ички муаммоларига қаратади.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда 2016 йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқидан чиқиш учун референдум ўтказилган эди.