
Гулжаҳон Назарова, Ситора Муйдинова, Нозима Закирова ҳамда Марям Назаровалар Фудзияма вулқонли тоғини забт этдилар.
Ушбу вулқон Токиодан жануби-ғарбий томонга 90 километр узоқдаги Хонсю оролида жойлашган. Тоғнинг энг юқори нуқтаси денгиз сатҳидан 3776 метр баладликка тенг келади. Бу тоғ чўққиси — Япониядаги энг юқори чўққи.
Август ойида Японияда таълим олувчи 4 нафар ўзбек қизларидан иборат жамоа Фудзияма чўққисини мустақил равишда забт этишга бел боғлашди.
Улар Гулжаҳон Назарова, Ситора Муйдинова, Нозима Закирова ҳамда Марям Назарова йўлбошчининг ёрдамисиз ўзлари юқорига кўтарилганлар. Улар ўз таассуротларини баён этдилар:
“Бу вулқонли тоғ кўпчиликни ўзига мафтун этади. Япониянинг ҳаёти, маданияти, маданий ва тарихий мероси билан қизиқувчи инсон бор-ки, ҳаммаси ушбу чўққига бир бор бўлса-да кўтарилишни истайди.
Бунинг сабаби эса оддий: 3776 метр баландликдан кўринадиган манзара бетакрордир...
Ва биз ҳам юқорида айтилган инсонлар қаторидамиз. Биз бошида бунинг ҳеч қийин ери йўқ деб ўйлардик, чунки Ўзбекистонимизнинг тоғларида кўп бўлганмиз... Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тоғ тизмалари ҳам ўзининг виқорлиги, гўзал табиати билан машҳур! Биз она юрт соғинчини ўзга мамлакатда доим ҳис қилиб турамиз...
Хуллас, Фудзияма чўққисини забт этиш биз ўйлаганчалик осон эмас экан! 1500 метрдан сўнг ҳаво бирдан совиб кетади. Одатда сайёҳлар чўққига кечаси чиқишни лозим топадилар, сабаби чўққининг юқори қисмида туриб қуёшнинг чиқишини томоша қилиш ўзгача завқ бағишлайди. Биз ҳам кечаси тоққа чиқишимиз, чарчаганимиз ва совуқлигини эътиборга ҳам олмасдан йўлимизни давом этдик.
Ва биз буни уддаладик! Қуёшнинг кўтарилишини Фудзияма чўққисидан томоша қилдик! Бу жуда ажойиб ва ўзига хос дақиқалар эди!” дейди Гулжаҳон Назарова.
Маълумот учун, Фудзияма вулқони сўнгги маротаба 1707–1708 йилларда қўзғалган, бугунги кунда у доимий фаолликда бўлмаган вулқонлар сирачига киритилган.
Таҳририят номидан:
Азиз ўзбекистонлик талабалар! Бундай сайёҳатлар мутахассис йўлбошчи иштирокида, доимий алоқа воситалари ёрдамида, барча ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Буни ёддан чиқарманг!