...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонлик медиамагнат продюсерлик қилган фильм Россия телеканалларида намойиш этилди


12:22, 30.10.2017 Жамият
 5 395

29 октябрь куни “Культура” телеканали орқали Ўзбекистон ҳақидаги ушбу ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Аввалроқ, Россиянинг “Культура” телеканали, Ўзбекистон электорон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси  ва “Караван-ТВ” ҳамкорлигида “Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” номли фильм суратга олинаётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
29 октябрь куни “Культура” телеканали орқали Ўзбекистон ҳақидаги ушбу ҳужжатли фильм намойиш этилди.


 
Бир соатлик фильмда жадал замонавийлик кўпасрлик донишмандлик ва анъаналар билан қай тарзда қўлма-қўл бўлиб келаётганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳужжатли фильм Ўзбекистоннинг қадимий ёдгорликларидаги ноёб битиклар, бой тарихий-маданий меросига бағишланган бўлиб, шунингдек, унда ўзбекистонлик олимларнинг узоқ ўтмишдан бизгача етиб келган ана шу мактубларни ўқиш ва ўрганиш бўйича узоқ ҳамда машаққатли меҳнати ҳақида ҳам сўз юритилади.


 
“Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси раҳбари, фильм продюсери Фирдавс Абдухолиқов ушбу битикларни ўқиш ва ўрганишнинг аҳамиятини алоҳида қайд этиб, қуйидагиларга эътибор қаратди:
 
“Агар маърифатли ислом ҳақида билишни исташса, биринчи навбатда, аждодларимиз томонидан Ўзбекистоннинг қадимий меъморчилик ёдгорликларида қолдирилган доно панд-насиҳатлар, битиклар билан танишишлари зарур”.
 
Кўпчилик қадимий обидалардаги сирли битикларни шунчаки нақш деб ўйлашади, аслида эса ундай эмас. Битиклар ҳалигача тўлиқ ўрганилмаган. Айтиш мумкинки, ёдгорликларимиз сукут сақлашмоқда. Китоб-альбомлар устида иш олиб борган шарқшунос, хаттот, тарихчи олимлар гуруҳи сабаб Ўзбекистон меъморчилик обидаларидаги сақланиб қолган битикларни ўқишга мушарраф бўлинди.


 
200 йил илгари тошлардаги ёзувларни ўқишга мўлжалланган махсус эпиграфика фани юзага келганди. Тадқиқотнинг замонавий усуллари, албатта, олимлар меҳнатини анча осонлаштиради. Шундай бўлса-да, фильмда таъкидлаб ўтилганидек, бу узоқ ва машаққатли меҳнатни талаб қилган. Ўзбекистон ҳудудида ёзув милоддан аввалги IV асрда пайдо бўлган. Матнлар тошларга ўйиб ёзилган. Айнан шунинг учун ҳам уларнинг кўпчилиги бугунги кунгача сақланиб қолган. Олимлар нафақат турли даврларда, балки турли тил ва ҳарфларда битилган битикларни ўрганишларига тўғри келган. Масалан, Х асрда “гулдор  куфий” деб номланган араб ҳарфлари машҳур бўлган. Унинг ҳар бир ҳарфи гул билан безатилган: энг кичкина нуқтасидан тортиб, ҳар бир шохигача маъно-мазмун касб этади.
 
Фильмни томоша қилган телетомошабинлар дунёдаги қиёси бўлмаган “Ўзбекистон маданий мероси” номли ноёб лойиҳа ҳақида ҳам маълумотга эга бўладилар. Лойиҳанинг мақсади тақдир тақозоси билан дунёнинг турли нуқталарига бориб қолган  Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари ҳақида ахборотларни  тўплаб ва уларни кенг оммага намойиш қилишдан иборат. Шунингдек, фильм ижодкорлари “Ўзбекистон обидалардаги битиклар” лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот беришган.
 
Мазкур фильм ундан аввалроқ дунё юзини кўрган “Ўзбекистон қумликлар жавоҳири”, “Вақт зарралари оралаб” сингари ҳужжатли фильмлар сингари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов продюсерлигида суратга олинган.


 
Ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари Хива, Самарқанд Бухоро сингари тарихий обидалари ва дурдона битиклари билан довруқ таратган  шаҳарларда бўлиб ўтди. Ундан таниқли архитектор, шарқшунос, тарихчи ва хаттотларнинг, уломаларнинг, мамлакатнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли вакилларининг  интервьюлари, нодир кино ва фотоҳужжатлар, архив кадрлари, шахсий архив материаллари, музейларда сақланаётган осори атиқлар билан танишиш мумкин. 
 

Теглар:Фирдавс Абдухолиқов Культура телеканали 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар