Маълумотларга қараганда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 2020 йилгача олтита Boeing 787 Dreamliner самолётига эга бўлади.
Ҳаво лайнерини Ўзбекистонга Миллий авиакомпания экипажи: МАК Учув-услубий бўлими бош учувчи-йўриқчиси Иосиф Зак, Boeing 787 Учувчилар отряди комадир ўринбосари Шаҳзод Икромов ҳамда иккинчи учувчи Олимжон Узоқов олиб келишди. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Авиакомпаниянинг ушбу русумдаги учинчи авиалайнери МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита Boeing 787-8 Dreamliner’дан йўловчи ўриндиқларининг сони кўплиги ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинмаси билан фарқланади.
Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Aviation компаниясининг GEnx-1B двигателлари ўрнатилган.
Икки классли компоновкада ишланган самолётнинг кенг саҳни 270 ўриндиққа (бизнес класси – 24, иқтисодиёт класси – 246) эга. Лайнер қулай ва кенг ўриндиқлар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, пол қопламалари ҳамда ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар билан жиҳозланган.
Маълумотларга қараганда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 2020 йилгача олтита Boeing 787 Dreamliner самолётига эга бўлади.
Миллий авиакомпания мутахассисларининг юқори тайёрлик даражаси туфайли эксплуатация жараёнида Boeing 787 Dreamliner самолётларини 100 фоизлик ишончлилиги таъминланди. Бугунги кунда авиакомпаниянинг учув ва техник таркиби учинчи самолётни ишга туширишга ҳам тўлиқ тайёр.
Янги лайнер авиакомпаниянинг парвозлар жадвалига киритилган бўлиб, узоқ масофалардаги қатновларда эксплуатация қилиниши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда Boeing 787 Dreamliner самолётларига буюртма берган биринчи авиакомпаниядир. МАК Boeing 787 Dreamliner’нинг тижорат эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. 2017 йилнинг 27 июлида эса, Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта ушбу русумдаги самолётда Тошкентдан Ню-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширди.