...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистондаги яна бир ОТМда Халқаро факультет очилади


11:26, 08.12.2018 Жамият
 3 081

Магистратура ва клиник ординатура таълим йўналишларида “ҳалқаро факультет” ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда магистратура ва клиник  ординатура таълим йўналишларида “ҳалқаро факультет” ташкил этилади. Бу ҳақда “Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда халқаро факультетни ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида маълум қилинган. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Қарор билан қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
 
  • республика иқтисодиётининг реал сектори тармоғи учун муҳим илмий-техник вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тор доирадаги мутахассисларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни магистратура, таянч докторантура (PhD) ва клиник ординатура йўналишида халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;
 
  • Оролбўйи минтақасидаги касалликларни эрта профилактикаси, юқори технологияли даволаш усулларини қўллаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва атроф муҳитни инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш соҳасидаги юқори технологияларга асосланган фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;
 
  • мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;
 
  • таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
 
Факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий мутахассисликлари бўйича магистр, таянч докторант (PhD) ва клиник ординаторлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
 
Факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетларида қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади.
 
Факультетга магистратура, таянч докторантура (PhD) ва клиник ординатура  мутахассисликларига қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишув асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мустақил белгиланади.
 
Факультетга талабаликка қабул қилиш тартиби, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳамда маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишув асосида белгиланади.
 
Факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетларида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги диплом берилади.
 
Факультет фаолиятини молиялаштириш Филиалга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Теглар:Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети Тошкент педиатрия тиббиёт институти Корё университети Халқаро факультет 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар