Бундан буён “фалончи хонанданинг ярим ялонғоч либосда чиққан клипини канал раҳбарияти биздан берухсат қўйиб юборган” деган баҳоналарга ҳам ўрин қолмайди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан ваъда қилинган Клиплар кенгаши ўз ишини бошлади. Бу ҳақда таҳририятимизда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров хабар берди.
Абдуқаҳҳоровнинг маълум қилишича, эндиликда ҳар бир хонанда клипини суратга олдириб бўлгач, уни ТВ эфирларига беришдан аввал Клиплар кенгашига тақдим этади. Ҳайъат аъзолари топширилган клипларни телеэфирларга беришни маъқул топсалар, клиплар намойишига рухсат берилади. Йўқса, тақиқ қўйилади. Хоҳловчилар клиплар суратга олинишидан аввал кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашишлари мумкин.
Бунда ТВларга ортиқча мажбурият тушмайди. Аксинча, “Ўзбекконцерт” бор масъулиятни гарданига оляпти. Бундан буён “фалончи хонанданинг ярим ялонғоч либосда чиққан клипини канал раҳбарияти биздан берухсат қўйиб юборган” деган баҳоналарга ҳам ўрин қолмайди.
Хонандалар-чи? Хонандаларнинг ҳам бундан кейин масъулияти ортиши тайин. Клипларини Кенгашга топширмаган, “билмагандим”, “хабарим йўқ эди”, деганлар лицензиясидан маҳрум этилади.
Дарвоқе, Клиплар кенгаши 1 февралдан ўз фаолиятини бошлади. Кўрамиз, натижа қандай бўларкин...