Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни ўтказган йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда 8–9 синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Хабарда айтилишича, ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган.
Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшлар қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Президентнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган.
Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.
2017–2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантирилиб борилади.
Кейинги бир йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг етмишга якин қарор, фармон ва фармойишлари қабул қилинди. Бу том маънода таълим тизимидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёнини бошлаб берди.
Ўрта махсус таълим тизимига жорий йилда биринчи марта 10-синфларга ўқувчилар қабул қилиш йўлга қўйилди. Бу академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул жараёни билан баробор олиб борилди. Бунда асосан ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш ва истаклари инобатга олинди.
Президент соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикрларнини инобатга олиш, улар билан “очиқ эшиклар” кунлари каби тадбирлар ташкил қилиб, учрашувлар ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлади.
2016/2017 ўқув йилида 466 мингдан ортиқ ўқувчилар умумтаълим мактабларини тамомлаган бўлиб, шундан 170 мингдан зиёди касб-ҳунар коллежларига ўқишга кирган. 288 минг, яъни олтмиш фоизидан ортиғи 10 синфларда ўқишларини давом этирмоқда.
Йиғилишда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинар экан, ёшларнинг касб-ҳунар эгалаши, ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бунда ёшларнинг улуғ аждодлар меросини ўрганиши, уларга мос етук кадрлар бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Улуғ аждод Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши ҳам айнан ана шу вазифани амалга оширишдаги илк қадам бўлди.
Мазкур мактабнинг ташкил этилиши кадрларни ёшлигиданоқ тайёрлаб бориш, соҳада етук ҳамда замон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашга замин яратади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади.
Мактаблар олдига қўйилаётган талаблардан бири — юқори малакали, соҳасининг билимдони бўлган ўқитувчи-педагоглар базасини шакллантириш билан биргаликда, мактабда чет тилини хам ўқитишдир. Бу каби ихтисослашган мактабларнинг ташкил этилаётгани ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда 8–9 синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар эшигини очади. Эндиликда умумтаълим мактаблари битирувчиларини эликка яқин касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга корхона ва ташкилотларга бириктирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Бу кадрлар тайёрлашда мазкур муассасаларнинг улушини ошириш ва кафолатланган иш ўринларини яратиш имконини беради.
Президент соҳа раҳбарларига бу борада жойларга чиқиб қайси ҳудудга қандай соҳа бўйича мутахассислар зарурлигини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди.
Йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, бунда ривожланган хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш, тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берди.
Йиғилишда ёшларда олий ўқув юртларига ўқишга бўлган талабнинг ошиб бораётганини, бунда муҳим бўлган тест синовлари тизимининг эса эскиргани қайд этилди.
Давлат раҳбари мутассади раҳбарларга таълим тизимини такомилаштириш, ўқув адабиётлари билан сифатли таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласида тегишли топшириқлар берди.