Муҳокамалар натижасига кўра, ҳудудий давлат солиқ хизмати органларининг 37 нафар ходимига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Йиғилишда давлат солиқ хизмати органларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича 2016 йилнинг I ярим йиллиги натижалари, солиқ тушумлари тўлиқлигини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар ҳар бир ҳудуд кесимида танқидий муҳокама қилиниб, III чорак учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида”ги ПҚ-303-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 139-сонли қарорларига асосан, аҳолига ноқонуний пуллик транспорт хизмати кўрсатиш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш борасида йўл қўйилаётган камчиликларнинг сабаблари батафсил таҳлил қилинди. Мазкур масала бир неча бор муҳокама этилганига қарамасдан, Тошкент шаҳри, Андижон, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари давлат солиқ органлари раҳбарлари етарли хулоса чиқармагани қайд этилиб, айбдорларга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари кўрилди.
Ҳайъат йиғилишида биринчи даражали тўловларни амалга оширишда нақд пул тушумлари тўлиқлигини таъминлаш, маблағларнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш борасидаги камчиликлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг ошиши сабаблари, солиқ қарзи ва ортиқча тўловни қисқартириш, солиқ объектлари ва субъектларини тўлиқ ҳисобга олиш, солиқлар йиғилувчанлигини ошириш борасидаги ишлар аҳволи батафсил муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокама натижалари бўйича, фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги учун ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбар ходимларидан 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 37 нафарига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Йиғилиш сўнгида давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган долзарб вазифаларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.