...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда ўқув йили ва таътил муддатида ўзгаришлар бўлиши мумкин


15:38, 18.04.2018 Жамият
 14 142

Депутат таълим тизимида яна бир ўзгариш киритиш бўйича таклифларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров ОТМдаги контракт тўловини тўлашда қулай имкониятлар яратиш ҳамда тўлов миқдорини камайтириш таклифини илгари сургани ҳақида хабар берган эдик.
 
Депутат таълим тизимида яна бир ўзгариш киритиш бўйича таклифларини билдирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Таъкидланишича, Абдурашид Абдуқодиров таълим муассасаларида ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақтини ўзгартириш, ёзги таътилни қисқартириш ҳисобига қишки таътил муддатини узайтириш ҳамда бошланғич синфларда дарс машғулотлари давомийлигини 5 минутга камайтириш таклифи билан чиқмоқда. 
 
Таклифга кўра, ўқув йилининг бошланиши 26 август, тугашни 31 май деб белгилаш кўзда тутилган.
 
Бундан ташқари, депутат қуйидагиларни ҳам таъкидлаб ўтди:
 
  • ёзги таътил вақтининг икки ҳафтага қисқариши муносабати билан ўқитувчилар учун 11-25 январь кунлари давомида икки ҳафталик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини жорий этиш;
  • амалдаги 4-9 ноябрь, 28 декабрь - 10 январь, 21-27 март кунларидаги таътил ўрнига 25 декабрдан 2 февралгача қишки таътилни жорий этиш;
  • 1 ва 2-чораклар ҳамда 3 ва 4-чораклар оралиғида таътил зарур деб ҳисобланса, 1 ва 3-чоракнинг охирги ўқиш куни машғулотларини ҳамда 2 ва 4-чоракнинг биринчи ўқиш куни машғулотларини тегишли чораклардаги бошқа ўқиш кунларида ўтиш ҳисобига чораклар орасида икки кунлик таътил белгилаш. 

    Шунингдек, таклифда турли ҳудудалардаги вазиятлар ҳам ҳисобга олингани  таъкидланган:
  • бошланғич синф ўқувчилари учун дарс машғулоти давомийлигини 40 минут деб белгилаш (бунда бошланғич синфлар учун танаффус вақтини 5 минутга узайтириш орқали барча синфлардаги дарс вақтининг бошланишини бир хил қилиш мумкин);
  • туман ёки шаҳар халқ таълим бўлимлари рухсати билан ноқулай об-ҳаво шароитларида, яъни ўта иссиқ ёки совуқ кунларда иситиш ёки совутиш тизимлари билан тўлиқ жиҳозланмаган, шунингдек, икки-уч сменада ўқитиладиган умумтаълим мактабларида дарс машғулотининг давомийлигини 5 минутга қадар қисқартиришга рухсат бериш амалиётини жорий этиш таклиф этилади. 

    Депутат ушбу таклифлар жорий этилса, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таътиллари ёзги ва қишки таътилларга бўлинишидан ҳамда ўқув йилининг бошланиш ва тугаши муддатларининг бир ҳафтага ўзгаришидан ташқари жиддий салбий оқибатлар келиб чиқмаслигини маълум қилган.
 
Аммо қуйидаги ижобий натижаларга ҳам эришилиши айтиб ўтилди:
  • умумий ўрта таълим тизимида куз-қиш мавсуми даврида иситиш ва электр энергияси сарфи 30 фоиз атрофида тежалади, бу эса ушбу мақсадлар учун сарфланаётган маблағнинг 20-30 миллиард сўми тежаб қолинади демакдир;
  • ҳозирги кунда бир кунга тўғри келаётган Мустақиллик байрами, Биринчи Президентимизнинг Хотира куни ҳамда Билимлар кунларининг тарбиявий-маънавий тасъирчанлигининг ошишига хизмат қилади; 
  • ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қулайлик яратилади; 
  • бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс машғулотларидаги меҳнат сарфи 10 фоизга яқин қисқаради; 
  • ўқувчи ва ўқитувчилар учун ўқув йили ўртасида ҳам меҳнат таътилига чиқиш ва ўз устида ишлаш учун қўшимча имконият пайдо бўлади; 

Президент фармонида белгиланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича таълим муассасалари ўқувчилари, раҳбар-ходимлари учун қулай вазият вужудга келади. 
Икром Раҳмон

Теглар:Ўқув йили Таълим муассасаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар