Буюк шоир ва мутафаккир Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ва мактаб-интернатини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита тасдиқланади.
Қарорга мувофиқ Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини кенг нишонланади ҳамда Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этилади.
Буюк шоир ва мутафаккир Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ва мактаб-интернатини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита тасдиқланади.
Қарор кучга киргач, ташкилий қўмита бир ой муддатда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича тегишли чора–тадбирлар режасини ишлаб чиқади.
Бунда:
- Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий тўғрисида адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашр этиш;
- ҳар йили шоир туғилган 17 декабрь санасида Хива шаҳрида ўрнатилган Огаҳий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва шеърият кечалари ўтказиш;
- “Огаҳий – шоир, муаррих, таржимон ва давлат арбоби” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш;
- Огаҳий ғазаллари билан айтиладиган мумтоз мусиқий асарлардан ташкил топган концерт дастурлари ва ижодий кечалар ташкил этиш;
- оммавий ахборот воситаларида Огаҳий ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб бориш;
- Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш;
- мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш тадбирлари кўзда тутилади.
Қарорда Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги билан биргаликда маҳаллий бюджет ва ҳомийларнинг маблағлари ҳисобига Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий номи билан аталувчи мажмуа таркибига кирган иншоотларни, жумладан, Хива шаҳридаги шоир мақбарасини, музей ҳамда боғни мукаммал таъмирлаш, янги экспонатлар билан бойитиш, теварак атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ориришлари белгиланган.
Қарорда қайд этилишича, Огаҳий номидаги мактаб-интернатига 2019-2020 ўқув йилида 5-6-7-8-синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда мактаб-интернатга олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти ҳамда хорижий тиллар факультетларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрлар жалб этилишини таъминлайди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:
қарор қабул қилингач, бир ой муддатда Хива шаҳрида янгидан 300 ўринли ўқув биноси, 100 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона қурилиши учун ер майдони ажратади ҳамда лойиҳа-смета хужжатларини ишлаб чиқади.
2019 йил 1 сентябрга қадар мактаб-интернати биносини фойдаланишга топшириш чораларини кўрилиши лозим.
Мактаб-интернат биноларида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказади ва қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини тизимли равишда амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўриши керак.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва абадиёти ҳамда хорижий тиллар фанидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Огаҳий номидаги ноёб қўлёзмалар тадқиқот марказини ташкил этиш ҳамда 2019-2021 йилларда марказ фаолият йўналишида Огаҳийнинг асарлар тўпламини нашр этиш чораларини кўриши лозим.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юкланган.