Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф сўзга чиқиб, Мусҳафнинг нархи қанча бўлишига аниқлик киритди.
Ва ниҳоят Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриётининг расмий ижозати билан чоп этилган Мусҳафи шариф сотувга чиқарилди. Кеча, 23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф сўзга чиқиб, Мусҳафнинг нархи қанча бўлишига аниқлик киритди.
Исмоил Муҳаммад Юсуфга кўра, Мусҳафнинг сотувга тавсия этилаётган нархи 31 минг сўм этиб белгиланган.
Ўзбекистонда охирги йилларда диний китобларнинг нархи уларнинг қадри каби юқорилаб кетди. Халқнинг ўқишга, ўрганишга эҳтиёжи бор, бироқ ҳадис китоблар ўртача 60-70 минг, Қуръони Карим эса бир неча баравар қимматни ташкил қилаётган энди. Тўғри, илм, Яратганнинг каломи олдида маблағ ҳеч нарса эмас, бироқ ҳамманинг шароит ҳар хил.
Ўзбекистонда чоп этилган Мусҳафнинг тан нархи 31 минг сўмдан қимматроқ бўлгани китобнинг муқоваси, қоғознинг сифати, ранглардан кўриниб турибди. Исмоил Муҳаммад Юсуф китоб нархининг пасайтирилиши тўғрисидаги қарорга шундай изоҳ беради.
“Китобни тарқатиш билан шуғулланадиган биродарларимиздан ҳам илтимосларимиз бор. Аллоҳнинг каломига хизмат қилиш – улуғ бахт. Ҳаммамизни шунга муяссар қилсин. Шу фурсатдан фойдаланиб, буни суиистеъмол қилмасликка, Аллоҳнинг каломига хизмат бўлсин, деб хизмат қилишга, майли, харажатимиз бор, хизматларимизга ярашасини олайлик. Лекин у (китоб)нинг сунъий қимматлаб кетишига иложи бўлса, ҳаммамиз тўсқинлик қилайлик, меҳнат қилайлик. Аллоҳ таоло каломининг ҳурматидан бошқа қилинаётган ишларимизнинг барокатини берсин”.