Хорижий давлат фуқаролигини олиш Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиш учун асос бўлади.
“Фуқаролик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан чет эл фуқаролигини олган Ўзбекистон фуқароси — Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши мумкин.
Ушбу банд фуқароликни йўқотиш учун асос сифатида 2016 йил 23 сентябрда киритилган. Агар чет эл фуқаролиги 2016 йил 24 сентябргача олинган бўлса, Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш учун бошқа сабаб бўлмаганда тегишли деб тан олинмайди.
Фуқароликни йўқотиш тўғрисидаги Президент фармони чиқарилиб, у консуллик идораларига тарқатилганидан кейин, консуллик идорасига Ўзбекистон паспортини топширган шахсга фуқароликни йўқотгани ҳақида маълумотнома берилади.
Чет элда доимий ёки вақтинча яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари амал қилувчи Ўзбекистон паспорти ёки қайтиб келиш сертификати бўлган тақдирда, мамлакатга эркин кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Чет эл паспорти ёки муддати ўтган Ўзбекистон фуқароси паспорти билан кириш — белгиланган тартибни бузиш ҳисобланади ва ЎзР Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра жиноий жавобгарликка тортилади.
“Фуқароликдан чиқиш” ва “фуқароликни йўқотиш” икки турли тушунча бўлиб, фуқароликдан чиқишда Президент номига ариза ёзилади ва икки ЭКОИҲ миқдорида давлат божи тўланади.
Фуқароликни йўқотиш жараёни шахснинг иштирокисиз амалга оширилади ва ҳеч қандай тўловлар талаб қилинмайди.