Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун умумий қиймати 21 миллион доллардан зиёд бўлган 7 истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармонга кўра, Тошкент вилояти Паркент туманида “Паркент-фарм” ва Бўстонлиқ туманида “Бўстонлиқ-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Эркин иқтисодий зоналарнинг бугунги кун талаблари асосида фаолият юритишини таъминлаш мақсадида туманларда махсус комиссиялар тузилди.
Айни кунларда “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зонасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
“...Паркент туманининг Қорақалпоқ маҳалласи ҳудудида доривор ўсимликлар етиштириш ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун 17 гектар ер майдони ажратилди. Ҳудудда умумий қиймати 21 миллион доллардан зиёд бўлган 7 истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу 250 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради, дейди “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси раҳбари Ж.Одилов.
Лойиҳада қатнашаётган “Равнақ давр инвест” масъулияти чекланган жамиятига тумандаги Бўстон маҳалласи ҳудудидан 15 хилдаги доривор ўсимликлар етиштириш учун 18 гектар ер майдони ажратилган.
“Сўқоқ гилоси” фермер хўжалиги томонидан туман ҳудудидаги 53 гектар ер майдонида 50 хил доривор ўсимликлар етиштирилиб, қайта ишлаш заводи қурилади. "Замона Раъно" масъулияти чекланган жамиятига Бошқизилсой маҳалласидан доривор гиёҳларни ўстириш ва корхона бино-иншоотлари қуриш учун 122 гектар ер майдони ажратилган. Айни пайтда ушбу ҳудудларда амалга ошириш мумкин бўлган қўшимча лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ҳамда тармоқ жадвалларини шакллантириш ишлари давом этмоқда.
Бўстонлиқ туманидаги “Бўстонлиқ-фарм” эркин иқтисодий зонасида ҳам ишлар авжида. Тумандаги “Кичиксой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида доривор ўсимликлар етиштириш ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга иҳтисослашган лойиҳалар учун 104,5 гектар ер майдони ажратилган.
Режага мувофиқ “Бўстонлиқ-фарм” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида умумий қиймати 46 миллион доллардан ортиқ 4 истиқболли лойиҳа амалга оширилади. Бу билан 230 га яқин кишининг доимий бандлиги таъминланади.