Пора бериш жиноят ҳисобланиб, бу қилмишни содир этганлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Куни кеча Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Қизилтепа тумани судида Мажбурий ижро бюроси Қизилтепа тумани бўлими катта инспектори А.Хўжақуловга пора беришга уринган шахсларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Гап шундаки, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги аҳоли хонадонларида электр энергиясидан қандай фойланилаётгани ўрганилган. Тармоққа ноқонуний уланган, яъни ҳисоблагич ўрнатмасдан электр энергиясидан фойдаланаётган хонадон аниқланган ва уй эгасига нисбатан баённома расмийлаштирилган.
Бу воқеадан кейин уй эгаси айбини бўйнига олиб, тегишли жаримани тўлаб, ҳисоблагич ўрнатмади. Аксинча, назоратчига пора беришга уринди.
Маълум қилинишича, ака-ука Жалоловлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбланган. Улар жиноий тил бириктириб, давлат органи мансабдор шахсига ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим бўлган муайян ҳаракатни уларнинг манфаатларини кўзлаб бажартирмасликка ҳаракат қилган. Ноқонуний ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб 500 минг сўм миқдорда пул таклиф қилишган.
Судланувчиларга жазо тайинлашда барча ҳолатлар ҳисобга олинган. Уларнинг аввал судланмагани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олинди. Қонунчилигимиздаги инсонпарварлик, одиллик принципларига таяниб уларга бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, пора бериш жиноят ҳисобланиб, бу қилмишни содир этганлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Жумладан, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз барав аригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахс томонидан амалга оширилса ва кўп миқдорда содир этилган бўлса - беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса - ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қолаверса, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.