30 июнь куни Ўзбекистонда “Ёшлар куни” нишонланмоқда.
Солиқ кодексига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади.
Меҳнат кодексига мувофиқ давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатларни белгилайди.
Хусусан белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шарт.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг, шунингдек давлат грантлари бўйича таълим олган олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кирган битирувчилари билан меҳнат шартномаси у тузилган кундан эътиборан уч йиллик муддат ўтгунига қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганида иш берувчи бу ҳақда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилиши шарт.
Шунингдек Меҳнат кодексига мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, дастлабки синов муддати белгиланмайди.
Қонунчиликкка мувофиқ ёш оилалар учун ипотека кредитлари бўйича қуйидаги шаклдаги тўловлар назарда тутилган қўшимча имтиёзлар берилган:
ипотека кредитларини олган ёш оилаларнинг кредитни тўлаш муддати давомида кейинчалик уни қайтариш шарти билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлаш;
ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаш.
Солиқ кодексига асосан юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси ёш оилалар тоифасига кирувчи ходимларга ипотека кредитлари бадаллари тўлашга ва (ёки) мулк сифатида уй-жой олишга текин йўналтириладиган маблағлар суммасига (бироқ солиқ солинадиган базанинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда) камайтирилади.
Бундан ташқари ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ёки кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига даромад солиғи солинмайди.
Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисидаги низомга мувофиқ эса ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилади. Мазкур кластерларда ишлаб чиқариш майдонлари кластернинг коммунал ва бошқа фойдаланиш харажатларини қоплаш шарти билан ижара ҳақининг “нол” ставкаси бўйича берилади.
Тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар ўқиши учун тўланадиган йиллик тўлов-контракт миқдорининг 35 фоизи Ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилиши мумкин. Бунинг учун унинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши лозим.