2002 йилда тузилган ҳукуматлараро келишувга асосан икки давлат чегарасида 16 та ўтказиш назорат пункти фаолият кўрсатган.
Жорий йилнинг 10 январида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд бўлган барча ўтказув назорат пунктларини қайта тиклаш бўйича ваколатли органларнинг маслаҳатлашувларини ўтказиш тўғрисидаги келишувга эришилган. Бу ҳақда “Asiaplus” агенлиги Тожикистон ҳукуматидаги манбасига асосланиб хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида 2002 йилда тузилган ҳукуматлараро келишувга асосан икки давлат чегарасида 16 та ўтказиш назорат пункти фаолият кўрсатаётганди. Шулардан тўққизтаси халқаро, қолган еттитаси икки томонлама мақомга эга эди. Тўрттаси темир йўл транспортини ўтказишга мўлжалланганди. Ўн иккита ўтказиш назорат пункти Сўғд, учтаси Хатлон вилоятида ва биттаси Турсунзода шаҳрида жойлашган.
Ҳозирги вақтда фуқароларнинг ва қисман транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун иккита – Турсунзода шаҳрида “Дўсти” ва Сўғд вилоятида “Фотиҳобод” халқаро ўтказиш назорат пунктлари фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, иккита – Турсунзода ва Конибодом шаҳарларида темир йўл транспортини ўтказиш пунктлари ишлаяпти.
Энди, жорий йил “Наврўз” байрами арафасида икки давлат чегарасидаги барча ўтказиш назорат пунктлари ўз фаолиятини бошлайди.