Унда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилган.
Айни вақтда Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияларининг кенг таркибдаги музокаралари бошланган. Унда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилган. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Икки мамлакатлар ўртасида эркин савдо тартиби жорий қилинган. 2002 йилда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган. Ушбу комиссияларнинг ҳамраислари икки мамлакат Бош вазирлари экани томонларнинг бу алоқаларга катта аҳамият беришидан далолатдир.
Жорий йил икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлган. Йил бошидан буён турли даражаларда элликдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилган.
Таъкидлаанишича, ўзаро савдо ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиздан зиёд ўсган. Қиймати 300 миллион доллардан зиёд бўлган савдо шартномалари ва битимлар имзоланган.
“Ҳамкорлигимизда ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Шундай ишлашда давом этсак, тез орада товар айрибошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказамиз. Аслида салоҳиятимиз – камида 1 миллиард доллар”, деган Президент Шавкат Мирзиёев.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва таркибини диверсификация қилишни изчил давом эттириш бўйича топшириқлар берилган. Икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланган. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва бошқа товарларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштиришга келишиб олинган.
Транспорт ва транзит ташиш, энергетика ва гидроэнергетика, сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли келишувларга эришилган. Терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлиги самардорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлаган.