...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг кучли термалари билан баҳсга тайёрми?


13:12, 17.11.2017 Спорт
 2 768

Кеча, ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов Япония пойтахти Токиога бориши ҳақида хабар бергандик.

Аввал хабар берганимиздек, бугун 17 ноябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Токио шаҳрида Япония футбол Ассоциацияси президенти Ташима Кодзо билан расмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎФФ Матбуот хизмати хабар берди.
 
Хабарда айтилишича, мазкур учрашув давомида ЎФФ ва Япония футбол ассоцияцияси ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилган.
 
“Келишув асосида ҳар икки мамлакатнинг турли ёшдаги терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинларини ўтказиш, турли мусобақалар ва мавсумий йиғинларни ташкил этиш, ЎФФ ва ЯФА терма жамоалари мураббийлари ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
 
Шунингдек, ЎФФ ва ЯФА мураббийлари ва тиббиёт ходимлари учун ўқув семинарлари ташкил этиш, футбол академияси мураббийлари ва бошқарув ходимлари ўртасида билим ва тажрибаларни алмашиш, болалар футболи бўйича мураббийлик курсларини ташкил этиш борасида ҳам шартнома имзоланган”, дейилади хабарда.


 
Бундан ташқари,  Ўзбекистон футбол федерацияси ва Япония футбол ассоциацияси ҳакамликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш борасида ўзаро ҳамкорлик қиладиган бўлди.
 
“Япония футбол ассоциация билан келишувга эришилгани ўзбек футболи учун жуда катта фойдаси тегади, деб ишонаман.
 
Япония каби футболи ривожланган мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик қилиш орқали Ўзбекистон футбол федерацияси ходимларининг тажрибасини ва малакасини ошириш мақсад қилинган”, дейди ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов.
 
Таъкидлаб ўтиш жоизки, жаҳон чемпионати йўлланмасини биринчилардан бўлиб қўлга киритган Япония терма жамоаси Осиё қитъасида ФИФА рейтинги бўйича 3-ўринни эгаллаб турибди.
 
Бунгача, японияликлар мазкур рейтингда доим юқори ўринларни эгаллаб келишган.
 
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Умид Аҳмаджонов Бирлашган Араб Амирликлари футбол уюшмаси ва Қатар футбол уюшмаласи билан ўзаро меморандум имзолаганди.
 
Мазкур имзоланган меморандум натижасида Ўзбекистон терма жамоаси БААга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди.
 
Бундан ташқари, Қатар футбол федерацияси Қатар–Чехия терма жамоалари ўртасида Доҳада ўтказиладиган ўртоқлик ўйинини бошқариб бориш учун ўзбекистонлик ҳакамлар бригадасини таклиф этган.
 
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов кеча Жанубий Корея футбол ассоциацияси президенти Чун Мун Гунинг таклифига кўра, Сеул шаҳрига хизмат сафари уюштириб, Жанубий Корея футболи мутасаддилари билан учрашув ўтказди ва бир қатор масалалар бўйича ўзаро келишувга эришди.
 
Жумладан, Ўзбекистон терма жамоасини турли хилдаги терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича ҳам шартномалар имзоланди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎФФ Умид Аҳмаджонов\Япония футбол ассосиацияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!