Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов Бразиядаги илк таассуротлари ва ўзбекистонлик спортчиларни қандай кутиб олишгани ҳақида гапирди.
Бразилияда бўладиган мусобақада юртимиз шарафини 70 нафар спортчи ҳимоя қилади. Улар 13та спорт турида (эшкак эшиш, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, энгил ва оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо ва ҳоказо) беллашидилар.
Ўзбекистон делегацияси ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун 1 август куни Бразилияга учиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 3 август куни Олимпиада қатнашчиси, Ўзбекистон байроқдори, бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори, Осиё ва Ўзбекистон чемпиони, Халқаро тоифадаги спорт устаси Баҳодир Жалолов билан алоқага чиқдик.
— Олимпиада ўйинларида биринчи марта иштирок этяпсиз, ҳаяжон кучли бўлса керак.
— Ҳа, биринчи марта қатнашяпман. Ҳаяжон кучли, лекин қўрқув йўқ. Олимпиадада бизга катта маъсулият юклатилган. Мақсадимиз – совринли ўринларни қўлга киритиш. Ҳар бир спортчи бундай мусобақаларда иштирок этишни орзу қилади ва мен ҳам ана шу орзуларим ушалаётганимдан, Ватаним шарафини ҳимоя қилиш арафасида турганимдан мамнунман.
— Сиз кўплаб халқаро мусобақаларда қатнашгансиз. Лекин Олимпиаданинг ўрни бўлакча. Айни дамда қалбингиздан қандай кечинмалар кечмоқда? Мусобақадан нималарни кутяпсиз?
— Осиё ва Жаҳон чемпионатида иштирок этганимда жуда ёш бўлганман, табиийки, тажрибам ҳам кам бўлган. Олимпиада ўйинларига катта тайёргарлик билан келдим. Ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан жуда яхши тайёрланганмиз. Мусобақада фақат ва фақат ғалаба қозонишга, Ўзбекистон байроғини юқорига кўтаришга ҳаракат қиламиз.
— Бразилияда Ўзбекистон делегациясини қандай кутиб олишди? Спортчилар учун яратилган шароитлар ҳақида гапирсангиз.
— Бизни жуда яхши кутиб олишди. Спортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ташкилий ишлар юқори даражада.
— Биламизки, Олимпиадада кўплаб давлатлардан кучли боксчилар иштирок этади. Улар орасида қайси давлат боксчиларини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардингиз?
— Мазкур мусобақага кучли боксчилар тўпланган. Айниқса, Куба, Франция ва Хорватиядан келган боксчиларни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдим. Бундан ташқари, мусобақадаги рақибим қозоғистонлик боксчи Иван Дичко ҳам кучли спортчи саналади. Албатта, кучимиз борича рингда рақибларимиз устидан ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
— Ижтимоий тармоқлар орқали келган саволлардан бирини берсак. Уйланганмисиз?
— Йўқ. Ҳали оила қуришимга эрта. Ҳозир фақат ва фақат ўз устимда кўпроқ ишлаш, тажрибамни ошириш ҳақида ўйлашим керак.
— Вақт топиб суҳбатлашганингиздан миннатдормиз. Сизга ва Олимпиада ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган барча спортчиларга омад тилаб қоламиз.
— Миннатдорман! Албатта, бу ерга келган ҳар бир спортчининг мақсади мусобақада муносиб иштирок этиш. Биз совринли ўринларни эгаллаб, халқимиз ва Юртбошимиз олдига ёруғ юз билан қайтамиз.
Маълумот ўрнида, Баҳодир Жалолов 1994 йилнинг 8 июлида Сурхандарё вилояти таваллуд топган, 13 ёшидан бошлаб бокс билан шуғулланиб келади. У Жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони ва катталар ўртасида тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. Баҳодир боксга кириб келишидан олдин, спортнинг футбол тури билан шуғулланган.