...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон–Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги


12:56, 23.11.2017 Жамият
 2 051

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари бир-бирларини самимий қутладилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қутловида ушбу тарихан қисқа даврда Ўзбекистон–Қозоғистон ўзаро ҳамкорлиги борасида салмоқли натижаларга эришилгани қайд этилган.
 
"...Бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ва кўп қиррали ўзаро алоқаларнинг намунавий моделини намойиш қилган ҳолда бутун Марказий Осиё минтақасининг янада тараққиётини таъминлайдиган мустаҳкам пойдевор яратмоқда, деб таъкидланади қутловда. – Жорий йилда Сизнинг Остона шаҳрига ташрифингиз ва менинг Тошкентга ташрифим мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди. Уларнинг натижалари муносабатларимизни сезиларли равишда кенгайтириб, ҳамкорлигимизнинг янги устувор йўналишларини белгилаб берди".
 
Хабарда таъкидланишича, Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали стратегик шериклик асрлар давомида дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келаётган халқларимиз фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам янада жадал ривожланиб боришига қатъий ишонч билдирган.
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутлуғ сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган қутловида шундай дейилади:
 
"...Чиндан ҳам тарихий ушбу муҳим воқелик мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, Абадий дўстлик ва Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар асосида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантиришга мустаҳкам пойдевор яратди.
 
Жорий йилда бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашув ва музокаралар Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга имкон яратди, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитди. Муваффақиятли ҳамда самарали ўзаро алоқаларнинг замонавий босқичи қардош ўзбек ва қозоқ халқларининг манфаатларига тўлиқ жавоб беради, бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади", деб қайд этилади қутловда.
 
Шавкат Мирзиёев ҳар томонлама, жумладан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги алоқалар бундан буён ҳам фаол кенгайиб ва ривожланиб боришига қатъий ишонч билдирган.
 
"Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз", деб таъкидлаган Президент.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон–Қозоғистон Дипломатик муносабатлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар