...
МЕНЮ
ONLINE TV

Оҳангаронда нималар бўляпти? Халқ ўзгаришлардан розими?


12:21, 22.10.2018 Жамият
 5 574

Жорий йилда шаҳарнинг бош режасига асосан Амир Темур кўчасида 10 та 7 қаватли, 24 та 5 қаватли уйлар қад кўтарган.

Ижтимоий тармоқлар ва интернетдаги турли сайтларда Оҳангарон шаҳридаги сўнгги ўзгаришлар, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида турли маълумотлар тарқалди. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари кўзбўямачиликнинг навбатдаги кўриниши деб айтилаётган ушбу мақолаларни ўқиган кишида бир савол туғилади: Оҳангаронда нималар бўляпти ўзи? Халқ ўзгаришлардан розими? Буларни билиш, ҳаммасига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиш мақсадида Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига отландик. Бизни Оҳангарон шаҳар ҳокими Одилжон Жўраев қаршилади ва шаҳардаги бўлаётган ўзгаришларни бирин-кетин тушунтирди.
 
Ҳокимнинг сўзларига қараганда, Оҳангарондаги марказий кўча – Амир Темур кўчасида (А-373 автомагистрали) шаҳарсозлик меъёр ва талабларига умуман жавоб бермаган иншоотлар бузилиб, асосий йўл кенгайтирилган. Асфальт қопламасига тақаб қурилган дўкон, кафе, уй ва бошқа бинолар меъморий талабларга асосан ичкарига сурилган. А-373 автомагистрали кенгайтирилган.








 
Маълумот учун, А-373 автомагистрали бугунги кунда Тошкентдан Фарғона водийсига бориш учун асосий йўл ҳисобланади. Бу йўлда доим автомобиллар оқими катта бўлади. Йўл юзида уй, дўкон, овқатланиш шохобчаларининг бўлиши автомобиллар қатновига салбий таъсир кўрсатади.
 
Жорий йилда шаҳарнинг бош режасига асосан Амир Темур  кўчасида 10 та 7 қаватли, 24 та 5 қаватли уйлар қад кўтарган. Таъкидлаш жоизки, 7 қаватли уйлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан қурилаётган бўлиб, имтиёзли кредит билан сотилади. 5 қаватли уйлар эса тижорат банклари томонидан қуриляпти. Улар ҳам банк тақдим этган кредит асосида сотилади. Аҳамиятлиси, 5 қаватли уйлардаги хондонларни республиканинг исталган ҳудудидан келган фуқаролар сотиб олиши мумкин.
 
Ҳозирда 5 қаватли тижорат уйларининг қурилиши давом этяпти. Уларнинг дастлабкилари жорий йил ноябрь, декабрь ойларида қуриб битказилиши режалаштирилган бўлса, қолганлари 2019 йил баҳор ойларида тайёр бўлади.




 
5 қаватли уйларнинг 1-қавати маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, 2-5 қаватлар эса турар-жой ҳисобланади. Уйларнинг фасад қисми бир хилликдан қочиш мақсадида бир-бирини такрорламайдиган қилиб ишлаб чиқилган.
 
Хонадонлар ва савдо нуқталари харидорларнинг имкониятлари ва хоҳишига кўра, тўлиқ таъмирланган (калити билан) ёки таъмирланмаган (каробка) ҳолда топширилиши белгиланган. Каробка ҳолида харид қилган мижозлар уйларига ўзлари истаганча пардоз бериши мумкин.
 
Қурилаётган 5 қаватли 24 хонадонли ҳамда 7 қаватли 42 хонадонли уйларда яшовчи аҳоли ва бошқа объектларни ичимлик суви билан таъминлаш ишларига 16,6 млрд сўм, газлаштириш ишларига 1 млрд 468 млн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
 
Шаҳар ҳокими Одилжлон Жўраев кўп-қаватли уйларни қуриш учун йўл юзидаги 192 та хусусий хонадонлар бузилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хўш, уларнинг ҳоли нима кечди. Қишли-қировли кунларда кўчада қолдими?
 
Ҳокимга кўра, бузилган уйлар учун жами 34 млрд сўм миқдорида компенсация пули тўланган, шунингдек, Нўғайқўрғон ҳудудидан ер ҳам ажратилган. Компенсация тўловларини тўлаш вақтида уйлар учун камида 200 млн сўмдан пул берилган.
 
Оҳангарон туманининг бош режаси асосида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш, жумладан, ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, йўл, алоқа ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


 
Оҳангарон шаҳрининг бош режаси 2035 йилгача тугалланиши белгиланган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати аниқ белгиланмаган. Бунга лойиҳа узоқ муддатли экани ва бу даврда нарх-наво ўзгариши билан боғлиқ сабаблар таъсир кўрсатмоқда.  
 
Шаҳарнинг бош режаси асосида аҳолига қулай турмуш шароитларини яратиш мақсадида кўплаб инфратузилма объектларини қуриш кўзда тутилган. Лойиҳада уйлар билан бирга болалар боғчаси, мактаб, спорт майдончалари, турли маиший хизмат кўрсатувчи дўконлар, шифохона, катта стадион ва бошқа кўплаб объектлар қурилиши белгиланган.
 
Шунингдек, мавжуд бозор ва масжид капитал таъмирланади. Масжид атрофи кўкаламзорлаштирилиб, унинг ҳудуди кенгайтирилиши назарда тутилган.
 
Таъкидлаш жоизки, агарда шаҳар бош режаси белгиланганидек амалга оширилса, Оҳангарон шаҳри республиканинг яшаш учун қулай гўшаларидан бирига айланишига ҳеч шубҳа йўқ. Қолаверса, шаҳарчадаги корхона ва заводлар сони ҳам кундан кунга ортиб бормоқда. Пойтахтдан, қолаверса, хорижий мамлакатларда келиб бу корхона ташкилотларда фаолият олиб борувчиларга эса уй, етарлича шароит керак. Янги уйлар эса ушбу шароитларни ўзида жамлаши ваъда қилиняпти. 
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Оҳангарон шаҳри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар