...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўткир Ҳошимовнинг қизи отасининг асарларига бўлган муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат билан қарашларини талаб қилди


18:03, 12.04.2016 Жамият
 6 322

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асаридаги воқеа ижтимоий роликда бузиб кўрсатилди.

Бугун нафақат мусиқа ёки кинофильмлар сценарийсидан, балки бутун бошли бадиий асарлардан ўғринчи фойдаланиш, муаллиф келтирган воқеликларни бироз ўзгартириб, ўзича “янги асар” яратиш урчиб кетган даврда яшаяпмиз. Плагиат масаласида қанча бонг урмайлик, уялмай ўғирлик кўчасига кираётган, таниқли адиб ёки шоирларнинг асарларидаги энг кульминацион қисмларини кўчираётган, унинг қолипини аслича қолдирган ҳолда тўмтоқроқ қўшимчалар киритаётган, ўзи йиртган жойга ямоқ солаётганлар учраб турибди. Биз бежиз бу мавзуда сўз очганимиз йўқ. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг қизи – журналист Юлдуз Ҳошимованинг ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирган фикрлари адабий асарлар билан боғлиқ плагиат масаласига эътибор қаратишимизга туртки бўлди.

“Ўғри, инсофсиз ўғрилар! Ўзингда фикр, ғоя йўқ экан, Халқ ёзувчисининг китобини титкилаб мавзу топишга ақлинг етибдими, матнни расво қилмай, борича ол.

“— Болам, бу нима?
— Капалак.
— Болам, бу нима?
— Капалак дедим-ку!...
— Ўғлим бугун боғда 21 марта капалакни кўрсатиб, бу нима, деб сўради...” Лайлакни капалакка айлантирганинг билан муаллиф бўлиб қолдингми ёки шу билан матн “қусурини” тўғирлаб, “маромига” етказдингми? Отам раҳматли асарларидан парчалар келтирилганда бирор ҳарфи тушиб қолса, қанча оғринардилар”, деб ёзади куюнчалик билан Юлдуз Ҳошимова.

Марҳум ижодкор Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг қизи Юлдуз Ҳошимованинг ёзган фикрларини бир қарашда тушунмаслигингиз, бу гаплар кимга аталаганию нима сабабдан ёзилганини англамаслигингиз мумкин. Гап шундаки, мамлакатимизда фаолият юритаётган хусусий телеканаллар ва кабель телевидениесида доимий равишда эфирга узатилиб туриладиган ижтимоий роликлар орасида бир ролик бор: Кекса отахон 35-40 ёшлардаги ўғли билан гавдаланади ва юқорида айтилганидек “капалак ҳақида суҳбат” қурилади. Аслида эса бу кичик воқеа Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарида келтирилган бўлиб, унда адиб она билан бола ўртасидаги риштани лайлак мисолида кўрсатган

Ҳар йили ЎзЭОАВМА томонидан Ижтимоий роликлар миллий фестивали ўтказилиб келинади. Унда кўплаб ижодкорларнинг энг сара ижтимоий роликлари танлаб олиниб, эфирга узатилади. Шу ўринда савол туғилади: Наҳот, ижтимоий роликларни эфирга бераётганлар, хусусан, ЎзЭОАВМАнинг бадиий кенгаши аъзолари Ўткир Ҳошимовнинг асарларини ўқимаган бўлса ё уларнинг “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонундан хабарлари йўқми?

Бундай ҳолат нафақат хусусий телеканалларда, балки Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги телеканалларда ҳам учраб туради. Бундан бир неча ой аввал “Маданият ва маърифат” телеканалида қисқа метражли видеофильм эфирга узатилди. Унда ҳам Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг ўқувчилар учун маълум ва машҳур “Икки эшик ораси” асаридан кўчирилган айрим лавҳаларни кўриш мумкин эди. Асарда бош қаҳрамон Музаффар ўзини Бўрижарга ташлаш учун синфдоши билан баҳс бойлашиб, Мунавварга бўлган муҳаббатини исбот этиши керак бўлган саҳна бор. “Икки эшик ораси”да келтирилган ана шу саҳналар ва уни тўлдириб, бадиий безакни ошириб турган, воқеани бус-бутунлигича тасаввур қилишга ундайдиган айрим қисмлардан “Маданият ва маърифат” телеканали орқали эфирга узатилган видеофильмда бузиб фойдаланилган. Бироқ бунда ҳам асарнинг асл муаллифи номи ошкор этилмади, асар қаҳрамонларнинг номи ҳам фильмда ўзгартирилган эди.

Биз юқорида кўтарилган муаммони жуда ўринли ва долзарб деб топдик. Зотан бугун “ўзи йўқнинг, кўзи йўқ” қабилида иш тутиб, марҳум ижодкорларнинг асарларидан ўғринча фойдаланадиганлар, муаллифлар меҳнатларини ҳурмат қилишни унутиб қўйган “ижодкор”лар юзлаб, минглаб топилади. Телеканаллар ижодий жамоаси ва шунга алоқадор ташкилотлар бу масалага жиддий эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Маълумот учун, бугун мамлакатимизда муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. 2006 йилда “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди, 1886 йилда қабул қилинган “Адабиёт ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш Берн конвенцияси”га Ўзбекистон ҳам қўшилган.

Теглар:Ўткир Ҳошимов Юлдуз Ҳошимова Муалликлик ҳуқуқи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

сардор
06:38 14.04.2016

Хозирги ёш ижодкорлар Уткир Хошимовни китобини укишида шубха бор албатта , Лекин капалак хакида фильм бу Грек фильм директори Constantin Pilavios нинг Ti einai afto? (Бу нима ? (2007й)) фильмига таклид килинган . Буни ижтимоий тармокларда куриш мумкин


ДОН
22:49 13.04.2016

Адибимиз Уткир Хошимовнинг кизининг Исм-фамилияси Юлдуз Хошимовамас, Юлдуз Очилова эди шекилли?!

Admin: Edi. Lekin emas.


Jahongir
17:06 13.04.2016

Капалак ҳақидаги ролик "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" асаридан ўғирланмаган, бу аниқ! Бу ролик Европанинг қайсидир давлати томонидан ишлаб чиқилган роликдан ўғирланган (адашмасам испан тилида сўзлашади). Мазкур роликда капалак ўрнига чумчуқ гавдаланади. Энди савол: Наҳотки Европанинг бу ролиги севимли ўзбек ёзувчиси асаридан ўғирланган? Бунга ишониш қийин! Балки раҳматли Ў.Ҳошимов қаердандир ўқиб, ўзбекларга хос қилиб, ўзгартиргандир? Илтимос аниқлик киритсангиз.


papaye
21:58 12.04.2016

Bu kitob qachon chiqgan bilmadimi lekigin u rolikni biznikilar xorijdan o'g'rlashgani aniq 4-6 yil oldin Youtubda ko'rgandim usha rolikni keyin bizani aqilli og'rilarimiz qando bo'sa shundoligacha ko'chirb olishgan Yulduz opa ko'rmaganla u rolikni va kitobimizdan o'g'irlashdi deb o'ylagandurla


Асрор
20:48 12.04.2016

Ассалому алайкум ҳурматли журналистлар! Кечирасизлару ҳурматли сўзи бекорга эмас маиший муаммолардан қочиб, қалами ўткир Ўткир домлани асарларидан "фойдаланиб" машхурликка интилаётганларга енгилгина тарсаки урибсиз. Рахмат хақиқат хақиқатдан ҳам аччиқ.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар