Одамлар додини кимга айтсин? Қачонгача янгисини қурмай туриб, эскисини бузиш давом этади. Биргина мисол бир йил аввал бузилган гаражлар ўрнида ҳеч нарса қурилмади, автомобилларни қўйишга жой ҳам берилмади.
Бундан 1 йил аввал Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Шодлик” маҳалласи ҳудудидаги гаражлар ёппасига бузиб ташланган эди. Хат-ҳужжат асосида гараж олганлар ҳам ҳокимликдан келган амалдорлар олдида тилини тишлаб қолаверди. Гаражидаги буюмларини ололганлар олди, қолганлар... Хўш, аҳолига ваъда қилинган намунавий гаражлар қурилдими? Албатта, йўқ! Мана, 1 йилдирки бу ҳудуд ташландиқ жойга, яна ҳам тўғрироқ айтсак, чиқиндихонага айланиб улгурди. Аҳоли эса автомобилларни қўйишга жой йўқлигидан уйларнинг йўлакларида қолдирмоқда. Бу ердан юк машинасининг тугул енгил автомобилларнинг кириб-чиқиши амри маҳол. Айни шу вазиятда бу ҳудудда бирор кор-хол, айтайлик, ёнғин бўлса борми... Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари йўлакларда қолдирилган автомобилларни олдиргунча ўт кетган жой ёниб, кулга айланиши аниқ.
Бунда ҳайдовчиларни, автомобиллар эгаларини айблаш ноўрин, бизнингча. Тайёр гаражи бузиб ташлангандан кейин автомобилини кўчада қолдирмай, уйига олиб кирмайди-ку, ахир.
Бундай ҳолат Олмазор туманидаги яна бир маҳаллага хавф солмоқда. Журналист Наргис Қосимова ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали бу ҳақда шундай ёзади:
“Суд қарори фуқароларнинг ҳуқуқларини бузмоқда. Тошкент шаҳрида ноқонуний қурилиш сифатида фуқароларга тегишли гаражларни бузишнинг янги тўлқини бошланди. Кўпчиликнинг хабари бор, бундан бир неча йил аввал Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан гаражларни бузиш бошланган ва бу жараён фуқароларнинг ҳақли эьтирозларига сабаб бўлган эди.
Тошкент шаҳрининг Қора қамиш 1/2 мавзесида жойлашган “Заречная” МЧЖ худудидаги фуқароларга тегишли гаражлар оммавий равишда бузилмоқда. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2017 йил 27 сентябрдаги қарорида ушбу гаражлар “ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилиш эканлиги” кайд этилган”, деб ёзади Наргис Қосимова.
Шу ўринда кишида бир савол туғилади: бу гаражлар ноқонуний қурилма бўлса, қонунийси қани? Майли, улар айтганчалик ҳам дейлик, қонуниймасдир, унда аҳолига бошқа бирор жой тавсия этиляптими ё йўқ? Қосимовага кўра, гаражлар аҳолини огоҳлантирмасдан бузиб ташланмоқда. Саллани ол деса, каллани оладиганлар омон бўлсин! Қизиқ, гаражлардаги шахсий буюмлар учун ким жавоб бераркин: ҳокимиятми ё бузувчилар? Наргис Қосимова шундай ёзади:
“Заречная” МЧЖ маьмуриятининг маьлум килишича, барча хужжатлар, кадастр ҳужжатлари ҳам мавжуд. МЧЖ ҳудудида гаражи бўлган фуқароларни, жумладан ўзимни ҳам ёзма равишда огоҳлантирмасдан гаражларнинг бузилиши норозиликларни келтириб чиқармоқда. Чунки шу ҳудудда гаражи бўлган айрим фуқаролар бу ҳақда гаражлари бузилиб бўлгандан кейин хабар топишган. Гараж ичида уларнинг шахсий мулки булган буюмлар бўлиши мумкинлиги, уларнинг талон-тарож қилиниши эҳтимоли суд қарорини ижро этаётганларни ташвишга солмаяпти.
Гаражлари бузилиб, нарсалари йўқолганлигини айтаётган фуқароларни кўриб, шундай хулосага келиш мумкин. Хуллас, ушбу ҳаракат билан Олмазор туман ҳокимиятидагилар ва мазкур гаражларнинг бузилишига бош-қош бўлиб турганлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” тарихга айланганлигига шаьма килишаётгандек, гўё. Энг ёмони кўп қаватли уйлар атрофи, пиёдалар йўлаклари, болалар майдончалари енгил автомобиллар билан банд этиладиган бўлди...”
Биз мазкур масала юзасидан Олмазор тумани ҳокимиятидан расмий жавоб кутамиз! Нима учун янги гаражлар қурилмай ёки аҳолига автомобилини қўйиш учун бошқа жой (албатта, 500 метр узоқликдан эмас) тавсия этилмай, гаражлар бузилмоқда? Йўлакларда қолдирилган автомобиллардан йўқолган буюмлар учун ҳокимлик жавобгарликни гарданига оладими ёки бу ҳудуд тўлиқ “хавфсиз шаҳар” лойиҳаси стандартларига жавоб берадими? Йўлакларда қолдирилган автомобиллар сабаб фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар автомобиллари воқеа жойига кира олмаса, жавобгар ким бўлади, яна шўрлик аҳолими? Жавоб кутамиз!