Олмазор тумани ҳокимияти расмийларига нисбатан сайтимизга эълон қилинган Очиқ хатга жавоб келди. Туман ҳокимлиги мазкур “буз-буз”лар ўз-ўзидан амалга оширилмаётганини иддао қилади.
Олмазор тумани ҳокимияти расмийларига нисбатан сайтимизга эълон қилинган Очиқ хатга жавоб келди. Туман ҳокимлиги мазкур “буз-буз”лар ўз-ўзидан амалга оширилмаётганини иддао қилади.
Олмазор тумани ҳокимиятидан берилган маълумотномада шундай дейилган:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти, Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йилнинг баҳор ойларидаги Олмазор туманига ташрифлари чоғида туман аҳолисининг ижтимоий аҳволи, уларнинг яшаш тарзи, яратилган шарт-шароитлар, тумандаги кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий аҳволи, йирик корхоналарнинг бугунги кундаги фаолияти ва бошқа йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича ўз маърузаларида айтиб ўтган эдилар.
Аҳолини яшаш тарзини яхшилаш, аҳолига қулайлик яратиш, аҳолини хавфсизлигини таъминлаш ва қулайлик яратиш мақсадида йирик ислоҳотлар билан бир қаторда туманнинг Қора қамиш 1/2 ва Қора қамиш 1/3 мавзеларида яшаётган аҳоли учун Олмазор туманидан кесиб ўтган “Қичқириқ” ва “Қора қамиш” каналлари бўйида жойлашган бир қатор турар ва нотурар жойлар Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 3 майдаги 540-сонли қарорига мувофиқ бузилишга тушган. Мазкур қарор асосида қонуний эгалигида бўлган мулкдорларга тегишли комиссиянинг қарорига асосан турар ва нотурар жойлар билан таъминланган ва таъминланиб келинмоқда. Ноқонуний равишда қурилган ва эгалланган ер майдонлари ўрнатилган тартибда бўшатилиб келинмоқда.
Қора қамиш 1/2 даҳасида жойлашган “Заречный авто” МЧЖ фойдаланиб келган автотураргоҳ кадастр хизматидан инвентаризациядан ўтган бўлса-да, бугунги кунда мазкур ҳудудга ва жойлашган қурилмаларига нисбатан “мулк ҳуқуқи” мавжуд эмас ва кадастр хизматидан рўйхатдан ўтказилмаган.
Туман ҳокимлиги томонидан бир неча бор огоҳлантирилганига қарамасдан мазкур жамият аъзолари томонидан қурилиш ва бузилиш ишларига ҳалақит берганлиги учун, шунингдек, қурилишни сунъий равишда чўзилишига олиб бормаслиги учун ҳамда ободонлаштириш ишларини ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ушбу ер майдонини гаражлардан бўшатиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига “Ер майдонини бўшатиш ва қурилган қурилмаларни бузиш тўғрисида” даъво аризаси киритилди ва суд томонидан туман ҳокимлигининг даъвоси қаноатлантирилган.
Бугунги кунда Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Олмазор тумани бўлими ходимлари иштирокида ушбу автотураргоҳдаги гаражлар ўрнатилган тартибда бузиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу автотураргоҳларда жойлашган гаражлар мақсадли фойдаланилмасдан келинган. Масалан, гаражларнинг 80 фоизида фуқаролар томонидан эски нарса ва буюмларни сақлайдиган омборхона, рўйхатдан ўтказмаган ҳолда цех, автомашина тузатадиган, дурадгорлик устахоналари сифатида ва айримлари бўш ҳолатда фойдаланилмасдан келинган, шунингдек, гаражларнинг атрофи ободонлаштирилмасдан, ҳар хил ахлат ва чиқиндилар ифлосланган ҳолатда, шунингдек, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда фойдаланиб келинган.
Лойиҳа асосида барпо этилаётган “Дам олиш” масканида болалар майдончаси, амфитеатр, сайилгоҳ, кутубхона, атракционлар, маънавият маркази, қарияларнинг шахмат-шашка ўйнаш жойлари ва бошқа кўнгилочар масканлари, қирғоқнинг икки томонини боғлаб турувчи кўприклар барпо этилиши, шу манзилда яшовчи аҳоли учун қанчадан-қанча қулайликлар, дам олиш учун шарт-шароитлар ва уларнинг яшаш тарзини яхшилаш демакдир”.
Юқоридаги маълумотнома ё ҳоким, ё гаражлар “қирғин”ига бош-қош бўлаётган ҳокимнинг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва комунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Алишер Акмалович Юлдашев имзоси билан расмий кўринишда юборилиши кераклигини қайта-қайта таъкидласак-да, ҳокимлик бунга парво қилмай, бир энлик норасмий маълумотномани жўнатди. Бунда ҳокимлик нимадан ҳадиксирагинию нимани назарда тутгани бизга қоронғу. Қизиқ, ҳокимликдаги бошқа масалалар ҳам ҳудди шундай норасмий кўринишда амалга оширилармикин...
Биз аввалги мақолаларда ҳам “Заречный авто” МЧЖга ён босмаганмиз, ҳозир ҳам уларни қўллаб-қувватламаймиз. Айтадиган ягона фикримиз, ягона хулосамиз халқ тилидан, унинг манфаатлари ҳисобидан: хўш, ҳокимлик бузилган 100 дан ортиқ гаражларга автомобилини қўйиб келаётган аҳолини эшитдими? Уларнинг автомобилини қўйиши учун бошқа жой ажратдими? Бу ҳақда бизга йўлланган норасмий маълумотномада ҳам сўз очилмаган. Демак, Олмазорда автомобиллар ҳар ёнда сочилиб ётадиган янги манзилгоҳ дунёга келди, демак, қайсидир МЧЖнинг ҳокимият вакиллари таъкидлаганидек ноқонуний равишда жой эгаллаб олиши, туп қўйиб, палак ёзишию бу ҳолат ҳокимиятнинг эндигина эътиборини тортиши ортидан яна аҳоли жабр чекади.
Биз аввалги эълон қилинган мақолаларда бундан сал кам бир йил аввал Олмазор тумани Қора қамиш 2/5 даҳасида жойлашган аҳолига тегишли шахсий гаражлар ва автотураргоҳ бузиб ташланиб, намунали автотураргоҳ қурилиши ваъда қилингани ҳақида ёзган эдик.
Сал кам бир йилдирки, на автотураргоҳдан дарак ва на... Бугун бу майдон туппа-тузук чиқиндихонага айланиб улгурган. Қора қамиш 1/2 да бузилган гаражлар ўрни ҳам шу кўйга тушмайди, деб ким кафолат беради: имзосиз маълумотномами?