Ака-укаларни бирма-бир қийноққа солиб ўлдиргач, қотиллар уларни қум остига ташлашган ва устини гўнг билан ёпишган.
Маълумотларга кўра, ака-укалар Узинагаш номли мол бозорига қорамолларини сотиш учун кетишган ва қайтиб келишмаган. Кечга яқин уларнинг яқинлари ака-укаларнинг уйга қайтиб келмаганлари ҳақида полицияга хабар беришган. Афсуски, 24 сентябрь куни, ҳар учала ака-уканинг мурдалари Олма-ота шаҳридан 270 километр узоқликдаги ташландиқ жойдан топилган. Жасадлар Олма-ота шаҳрига суд-тиббий экспертизаси учун олиб кетилган. Икки кун давомида ўтказилган тергов-суриштирув ишларидан сўнг, полиция бу қотиллик эканини ошкор этган.
Полициянинг хабар беришича, Жаркинбек, Мукият ва Калдибек исмли ака-укалар қийноққа солиб ўлдирилган. Қотиллик қорамолларни ўзлаштириш мақсадида амалга оширилган.
“Ака-укаларнинг ҳар бири алоҳида қийноққа солиб ўлдирилган. Қотиллар уларни тоғ томонга бошлаб боришган ва икки кишининг миясига, бошқасининг эса кўкрагига ўқ узишган. Энг аввал Мукият вафот этган. Кейин эса Жаркин қурбон бўлган. Кадилбекни эса боғлаб қўйиб, сўнг ўлдиришган. Охир-оқибат ваҳшийлар мурдаларни қум остига ташлаб, устини гўнг билан ёпишган”, дейди марҳумларнинг қариндошларидан бири Еркин Бейсеке.
Айни вақтгача, қотилликда гумон қилинаётган икки шахс қўлга олинган. Бироқ марҳумларнинг яқинлари қотиллар икки эмас 4-5 киши бўлган деб санашмоқда. Уларнинг фикрларича, вафот этган ака-укалар бақувват йигитлар бўлишган ва уларни икки киши ўлдира олмасди.
Қорамолларни деб қотиллик қурбонига айланган уч ака-уканинг ота-оналари, оилалари ва тўққиз нафар фазанди қолди. Хукумат ана шу оилаларга моддий ёрдам ажратиш ҳақида бош қотиряпти.
Бугун, 27 сентябрь куни қотиллик қурбони бўлган ака-укаларни дафн этиш маросими бўлиб ўтди. Полиция қўлга олинган шахсларнинг шахси, ёши, миллатини ошкор қилмаяпти. Бироқ ҳукумат айблари исботланган шахслар қонун олдида жавоб беришини, уларга қонун ижросини бажаришда ҳеч қандай енгиллик яратмаслигини айтмоқда.