...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олма-отада автобусдан тушган ўсмирни троллейбус уриб юборди


10:48, 29.09.2016 Олам
 3 336

Автобус ҳайдовчисининг айби туфайли 15 ёшли ўсмир оғир аҳволда ётибди.

Олма-отадаги Сайран метро бекати, Абай шоҳкўчасида автобусдан тушаётган мактаб ўқувчисини троллейбус уриб юборди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар бермоқда.
 
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, 25-автобус ҳайдовчиси автоуловни тўхташ мумкин бўлмаган ерда тўхтатган. Транспорт ичидаги одамлар беихтиёр автобус тўхтаган жойда тушишларига тўғри келган. Биринчилардан бўлиб автобусдан 15 ёшли ўсмир тушган ва уни ўша заҳотиёқ ён томондан катта тезликда тўхташ жойи томон йўналаётган троллейбус уриб юборган.
 
Маълумотларга кўра, содир бўлган мудҳиш воқеадан сўнг, автобус ҳайдовчиси ғойиб бўлган. 15 ёшли ўсмир эса зудлик билан шифохонага етказилган. Шифокорларларнинг фикрича, беморнинг аҳволи оғир.
 
Полиция болакайнинг ота-онасига бўлган воқеа устидан жиноий иш очишларини сўраб ариза ёзишлари шарт эмаслигини, юз берган ҳодиса маъмурий жиноят эканини айтган.
 
Ўсмирнинг даволаниши учун “ТОО Green bus company” компаниясига тегишли троллейбус ҳайдовчилари 50 минг тенгедан пул йиғишган ва уни жабрланувчининг яқинларига беришган.
 
Ўз ўрнида болакайнинг онаси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳайдовчиларнинг шифохонага келганларини, бироқ болани даволаш учун ҳеч қандай маблағ берилмаганини айтган. Ҳозирча полиция кўнгилсиз ҳодисада ким айбдор экани борасида маълумот беришмаяпти. Троллейбус ҳайдовчиси ўз ишидан четлаштирилган, тергов жараёни давом этмоқда.
Умида Якубова
 

Теглар:Қозоғистон Олма-ота ЙТҲ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!