2004-2008 Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ишлаган Рустам Қосимов яна вазир лавомига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 сентябрдаги фармонига мувофиқ ҳукумат таркибига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақдаги хабар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси порталида чоп этилди.
“2016 йил 13 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4836-сон фармонига мувофиқ Алишер Васикович Вахабов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан озод этилди”, дейилади ҳукумат ахборотида.
Маълумотларга қараганда, Алишер Ваҳобовнинг ўрнини Рустам Қосимов эгаллаган. Бу ҳақдаги ахборот ҳам ҳукумат порталидан ўрин олди.
“2016 йил 13 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4837-сон фармонига мувофиқ Рустам Сабирович Касимов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тасдиқланди”.
Маълумот ўрнида, Алишер Ваҳобов 2014 йилдан буён Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Рустам Қосимовга ҳам бу лавозим бегона эмас. У 2004-2008 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири сифатида фаолият олиб борган.