Марҳумларнинг биринчи огоҳлантирув белгиси — бу тушга кириш! Кейин эса ногаҳон кўзга кўриниш, овози эшитилиши... Улар сизу бизни нималардан огоҳлантиришади?
Ўлим ҳодисасига, аввалги мақолаларда таъкидланганидек, фаннинг ҳам, хусусан тиббиётнинг, диннинг ҳам, қолаверса, жамоатчилик, ҳатто адабиётнинг ҳам ўз муносабати, нуқтаи назари бор. Бироқ фол очиш, башорат қилиш жамиятда ҳам, динда ҳам қаттиқ қораланади.
Шундай бўлсада, эл оғзига этак тутиб бўлмайди, деганларидек қуйидаги гап-сўзлар қулоғимизга чалиниб туради...
“...Фалончи фолбинга бориб, писмадончи укасининг руҳи билан гаплашибди...”
“...Фалончининг кўзига марҳум отаси кўриниб, анави ишлардан огоҳлантирган экан. Қулоқ осганда эди...”
“Кечаси раҳматли онам келдилар, тушуммиди ёки ўнгим, англолмадим...”
Онда-сонда шунга ўхшаш гаплар қулоғимизга чалиниб туриши рост гап. Бироқ бунга биров ишонади, биров эса йўқ. Уйдирмаларга ишониб бўларканми, дерсиз. Ҳақсиз. Аммо шамол бўлмаса...
“Оқ шовқин”
Физика фанининг товушларни ўрганадиган бўлимида “оқ шовқин” деб аталадиган шартли атама мавжуд. Мазкур атаманинг шартли изоҳи қуйидагича: “оқ шовқин” — акустик товуш, шовқин, эшитиш доираси диапазони бўйлаб тебранишнинг бир хил тақсимланиши, масалан, йирик шаршаралар шовқини ушбу шовқин турига мансуб.
Хуллас, “оқ шовқин” деб номланувчи ахборот ташувчи турли электрон воситаларда марҳумларнинг овози ёки шарпаси сирли равишда пайдо бўлиш ҳолати (феномен) кузатилган, сўнгра бу усулдан ғайритабиий воқеа-ҳодисаларни ўрганувчи мутахассислар кенгроқ фойдалана бошлаган.
Кўпчиликни ушбу антиқа усул орқали ўтганларнинг руҳи билан мулоқотга киришиш мумкинми, деган савол қизиқтириши табиий. Балки фолбинлар фойдаланадиган одатдаги воситалар: биллур шар, жодугарлар тахмони, қарта ва шағам кабиларнинг кераги бўлмай қолар...
Буларнинг барчаси илмий фаразлар, албатта. Бироқ ушбу феномен билан шуғулланувчиларнинг фикрича, электрон воситалар орқали “нариги томондагилар” билан алоқа ўрнатиш мумкин экан. Дунёда охирги ўн йилликларда овоз ёзувчи ускуналар ва бошқа жиҳозлар орқали марҳумларнинг овози ёзилган электрон ҳужжатлар жамланди. Интернет тармоғидаги махсус сайтларда электрон овозлар феноменига (ЭОФ) тааллуқли фотосуратлар, аудио ва видио ёзувлар пайдо бўлганига-ку анча бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Бундан бир неча йил муқаддам режисёр Жеффри Сакс томонидан суратга олинган триллер — “Оқ шовқин” катта экранларда намойиш этилгандан сўнг фильмни томоша қилганларнинг аксарияти кўрсатилган “йўриқнома”га биноан марҳумлар билан алоқа ўрнатишга уриниб кўрдилар.
Морзнинг кашфиёти
1895 йилда электрон телеграф ихтирочилари Гульельмо Маркони (1874–1937) ва Томас Эдисонларнинг (1847–1931) башорат қилишларича, вақти келиб инсонлар марҳумлар билан электрон тўлқинлар орқали мулоқотга киришишлари мумкин бўларкан.
Уларнинг фикрича, керак бўлганда боқий дунё соҳибларининг ўзлари биз билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилар эмиш. Ихтирочиларнинг таъкидлашича, улар бундай қурилмаларнинг дастлабки кўринишини ихтиро қилганлар ҳам, бироқ бу кашфиёт чизмалари негадир уларнинг қўлёзмалари орасидан топилмаган...
Бунга кўпчилик ишонмагани аниқ. Аммо кўп ўтмай, XX аср бошларида матбуотда Сэмюэл Морзнинг (1791–1872) шунга машҳур ихтироси (қурилмаси) ўз-ўзидан бахтсиз ҳодисалардан огоҳлантирувчи сигналлар бергани ҳақида матбуотда хабарлар чоп этила бошлади.
Электрон овозлар феномени (ЭОФ) тушунчасининг пайдо бўлиши опера куйчиси, мусиқашунос Пётр Юргенсон (1836–1903) номи билан боғлиқ. Хонанда қушлар товушини магнитафон тасмасига тушириш лойиҳасида иштирок этади. Мутахассислар овоз ёзиш жараёнида ғайритабиий ҳодисанинг гувоҳи бўлишди.
Ёзув тасмасига Юргенсоннинг марҳум қариндошларига тегишли бўлган овозлар ёзилиб қолганди. Шундан сўнг хонанда психолог Константин Раудив билан бир нечта тажрибалар ўтказди. Ҳатто олимлар ва ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқилган “Коинот овози”, “Марҳумлар билан радиомулоқот” китобларини нашр қилинди.
Ўтган асрда АҚШда “нариги дунё” кишиларининг сирли овозларини ўрганганлар — ака-ука Жозеф ва Майкл Ламоролар. Уларнинг фикрича, руҳларга қувват манбаи тўплаб, шарпа ва шовқинлар пайдо қилишдан кўра хонада мавжуд бўлган товуш ва шовқинларни ўзгартириш орқали тирикларга “хабар” етказиш осонроқ экан.
Сим қоққан марҳум...
Охирги йилларда телефон ва электрон мактублар орқали нариги дунёдан хабарлар келаётгани ҳақида шов-шувлар кўпая бошлади. Худди Ер атрофидаги ички ва ташқи радиотўлқинлардан пайдо бўлган ўзига хос қобиқнинг “семириши” — икки дунё оралиғидаги пардани юпқалашишига сабаб бўлаётгандай.
Бундай ғайритабиий мулоқотлар кўпроқ марҳум яқинларидан кўнгил узолмаган, уларга тириклигида қайсидир сир-асрор ёки маълумотни, аниқроғи дардини айтолмаган кишилар орасида кўп учрайди...
Ёхуд марҳумлар томонидан мулоқот ўрнатишга интилиш яна шундай ҳолатларда кузатиладики, аксарияти тириклигида кимнингдир қайсидир гуноҳи учун кечиролмаган! Энди уни кечирганини айтиш истаги уни “алоқа ўрнатиш”га мажбур этади. Маълум бўлишича, марҳумларнинг биринчи огоҳлантирув белгиси — бу тушга кириш! Кейин ногаҳон кўзга кўриниш, овози эшитилиши...
Қисқаси, тадқиқотчиларнинг фикрича, сизу бизни бу дунёни тарк этган яқинларимиз аллақандай хавф-хатардан огоҳлантиришга интилар экан...
Азиз ўқувчи, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, қуйида мазкур масалага тааллуқли воқеа-ҳодисалар юзасидан қайд этилган айрим “гувоҳликларни” эътиборингизга ҳавола этамиз.
Масалан, актриса Ида Люпинанинг отаси Иккинчи жаҳон уруши пайтида Лондонда вафот этган. Яқинларига, аниқроғи қизига васият қолдиришга улгурмаган. Иданинг айтишига қараганда, отасининг ўлимидан олти ой вақт ўтгач, марҳум қизига “қўнғироқ қилган” ва қимматли қоғозлари яширилган жойни маълум қилган.
Нариги томон билан телефон орқали боғланганларнинг гувоҳлик беришича, марҳумларнинг овози худди тириклигидагидай эшитиларкан... Бундан ташқари, улар мулойим гапирар, яқинларининг эркалаб қўйилган лақаблари билан мурожаат қилар ва ўзларининг яхши кўрган жумлаларини тез-тез ифодалар экан.
Одатда бундай қўнғироқлар бўлганда телефон аппарати одатдагидек жиринглар, “нариги томон” рақами, албатта, чиқмас, кўпчилик ҳолларда алоқа сифати жуда ёмон ва сим қоққанларнинг овози жуда паст ва олисдан келаётгандай эшитиларкан. Ақл бовар қилмас бундай қўнғироқлару юборилган томони “номаълум” электрон мактублар (IP нишонисиз) соҳа мутахассисларини ҳайратга солмоқда.
Ғайритабиий воқеа-ҳодисаларни ўрганувчилар томонидан қайд этилган яна бир нечта “гувоҳликларни” эътиборингизга ҳавола этамиз:
– Телевизор қаршисида ўтиргандим, – дея ҳикоясини баён қилади ғайритабиий воқеа-ҳодиса гувоҳи бўлган аёл киши, – тўсатдан экранда ола-була тасмалар пайдо бўлиб, аллақандай туманлик ичида эркак кишининг қиёфаси пайдо бўлди. У қимирламас эди, худди фотосуратдек қотиб турарди. Тикилиброқ қарадиму даҳшатдан чинқириб юбордим! Экрандаги менга тикилиб турган кимса — бундан бир неча йил олдин қазо қилган укам эди. Бир неча сониядан сўнг экранда яна ола-була тасмалар пайдо бўлди-да, сўнг мен кўраётган фильмнинг давомига оид тасвирлар пайдо бўлди....
* * *
– Бир куни эрталаб ишга кетаётган эдим, телефоним жиринглаб қолди, – дея сўзлай яна бир ана шундай сирли ҳилқатга дуч келган киши. – Кўтардиму ақлдан озаёздим, сим қоқаётган беш йил илгари қазо қилган хотиним эди! У фақат узов-узоқлардан битта гапни такрорларди: “Болаларни ёнғиндан қутқаринг!”. Аввалига бир неча сония ўзимни йўқотиб, нима бўлаётганига тушунолмай турдим. Сўнг машинамни ортга қайтариб, уйга қараб учдим. Не кўз билан кўрайки, уйимиз олов ичида эди. Ўзимни ичкарига урдиму болаларимни ёнғиндан олиб чиқдим!
* * *
– Мен радио тинглашни хуш кўраман, гоҳида айрим эшиттиришларни, аниқроғи мусиқаларни компакт дискка ёзиб оламан, – дейди навбатдаги қаҳрамонимиз. – Бир куни радиондан мен ёқтирган туркум мусиқалар кетма-кетлиги берила бошлади, ёзиш жараёнини тўхтатмасдан бозорга кетдим. Қайтиб келиб эшитиб кўрсам, мусиқа ўрнига аллақандай тушунарсиз шовқинлар... Дискни орқага айлантириб шовқин ёзила бошлаган жойини қидира бошладим, негаки айнан шу жойдан бошқа тароналарни ёзишни бошласам бўларди-да. Эшитиб кўрдим, қулоғимга ғалати овозлар чалина бошлади. Аввалига радиобошловчининг овози шовқин аралаш ёзилиб қолган бўлса керак, деб гумон қилдим. Сўнг диққат қилсам, яқинда вафот этган икки акам мен ҳақимда гапиришаяпти! Тушунарсиз шовқинлар орасидаги овозларни қайта-қайта эшитиб тушундимки, улар мени келажак ҳаётимдан кутилаётган хатардан огоҳлантирмоқда. Улар самолёт рейси номини айтиб, ўша самолётда учмаслигимни тайинлашди. Натижада мени ҳаётимни сақлаб қолишди ҳам. Орадан бир йил ўтгач, иш билан хориж давлатига ташриф буюрдим. Хизмат юзасидан ўша жойдан яна бир бошқа мамлакатга учишим керак эди. Самолёт рейсини эшитиб, дискка ёзилган овозларни эсладим ва шу рейсга ўтирмадим. Марҳум акаларим айтган самолёт авиаҳалокатга учради...
* * *
– Бир куни кечқурун, кечки овқатдан сўнг телевизор қаршисидаги диванга чўзилдим, – деб воқеани эслайди яна бир ғайритабиий воқеа-ҳодиса гувоҳи. – Кўзим илинибди... Кимдир чинқириб юборганидан уйғониб кетибман! Атрофга алангладим: ҳаммаёқ тинч! Овозни тушимда эшитдимми ё ўнгимда, англолмай қолдим. Кўрсатувлар аллақачон тугаган экан, телевизор экранида одатдаги бижир-бижир... Ўчирмоқчи эдим, экранда бир кишининг қиёфаси пайдо бўлганини сезиб қолдим. Тасвир жуда хира эди, бироқ ундаги болалик дўстимнинг суратини танидим. У автоҳалокатда нобут бўлганди. Тахтадек турган жойимда қотиб қолдим, телевизордаги сиймо ҳам азоб чекаётгандек қиёфада кўринди. Сўнг бирдан ғойиб бўлди. Мен эса деярли тонггача экрандан кўзимни узмай тикилиб чиқдим. У қайтиб чиқмади...
* * *
Юқорида келтирилган баёнларни мутахассис изоҳлайди: “...Диск ёки магнитафон тасмасидаги ёзувлар, марҳумларнинг қўнғироқлари-ю телевизор экранида пайдо бўлган қиёфаси нариги томон билан мулоқот ҳақидаги баҳсларга чек қўйиши мумкиндек туюлади. Бироқ буни исботлаш осон иш эмас... Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, кишиларнинг миясига муҳрланган ҳаёлий вазиятлар телевизор экранидаги тасвир, магнитафон тасмасидаги овоз ва телефон қўнғироғи орқали алоқа кўринишида пайдо бўлиши мумкин экан. Бунинг исботини исталган киши синаб кўриши мумкин. Бунинг учун янги овоз ёзиш қурилмаси ва жуфт қулоқликлар керак бўлади. Диск ёки флешкани қўйиб, “ёзиш” тугмасини босинг-да, қулоқликларни тақиб олинг. Радиони ёқиб, мурватини радиотўлқинлардан кетма-кет иккитаси эфирга чиқадиган частотанинг ўртасига мослаштиринг. Сўнг миянгиздаги барча ташвишларни унутиб, ором олинг, марҳум яқинларингиздан бирини ёд олиб, у билан “ичингизда суҳбат” қуринг. Маълум муддатдан сўнг “тажриба”ни тўхтатиб, ёзувни орқага қайтаринг. Овоз тугмасини энг баланд даражасига қўйинг. Қулоқликлар орқали эшитган шовқинингиз орасида турли товушлар пайдо бўлганини кўрасиз. Ёзувни қайта эшитганингиз сари ҳалиги шовқинлар тиниқлаша боради.
Шунда бир неча соат ёд олганингиз — марҳумнинг овозини, суҳбатини эшитишингиз мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас... Чунки сиз у билан ҳаёлан гаплаша туриб, миянгиздан чиққан радиотўлқинлар орқали аудиоёзувга хотираларингизни “муҳрладингиз”. Агар “тажриба” жараёнида кучли ҳаяжонда бўлсангиз, ёки ёдга олган кишингиз ҳақида хотиржам ўй сура олмасангиз, “оқ шовқин”га хос бир хил шовқинлардан бўлак ҳеч нарса ёзилмайди!”
Тўғри, юқоридаги фикр-мулоҳазалар тахмин ва нисбий тушунчалардан иборат...
Бундай тахминий қарашларга ўзи ҳаётда дуч келмаган, аниқроғи бундай ғайритабиийликни ўз бошидан кечирмаганлар ишонмаслиги аниқ. Бироқ келтирилган далиллар, муҳрланган шарпа-ю ёзиб олинган овозларнинг ҳаммаси ҳам тасодиф бўлиши мумкин эмас. Бунинг сирли ҳилқат эканлиги маълум...
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туркум орқали мия фаолиятининг айрим қизиқарли фактлари ҳамда инсон қиёфасидаги бир-бирига қарама-қарши “эгизаклар” ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга тақдим этган эдик.