...
МЕНЮ
ONLINE TV

Клиник ва биологик ўлим: руҳнинг вазни борми?


16:35, 13.10.2017 Бу қизиқ
 9 635

Ҳақиқатдан ҳам операция столида ётган бемор жон берса, унинг танаси 0,06–0,1 % вазн йўқотиши қайд этилган. Масалан, 70 килограмм вазнлик киши қазо қилгандан сўнг тахминан 40–70 грамм тана оғирлиги ўз­-ўзидан йўқолади...

Азиз мухлислар, аввалроқ маълум ва машҳур, бироқ ўзининг мавҳумлиги билан кишилар руҳиятига аллақандай қўрқув соладиган ўлим ҳодисаси ҳақида айрим фикр-мулоҳазаларни баён қилган эдик.
 
Ўзингизга маълум, айрим тадқиқотлар, аниқроғи илмий фаразлар — содир бўлган ва бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг статистик маълумотларига “таяниб” хулоса беради.
 
Бироқ статистик маълумотларнинг аниқ бир илмий хулосага етаклаши даргумон. Шундай бўлсада, “тўпланган фактлар” орқали айрим мулоҳазалар ойдинлашиши мумкин.
 
Клиник ўлим — бу ажал томонга ташланган бир қадам...
 
У содир бўлганда кишининг юраги уришдан тўхтайди, нафас олмайди, ташқи таъсирларга жавоб қайтармайди, бироқ организмда моддалар алманишуви, вақтинча бўлсада, давом этиб туради.
 
Демак, унинг “тирилишига” маълум маънода имкон бор...
 
Руҳнинг вазни борми?
 
Инсоннинг руҳи ҳақида жуда кўп илмий фаразлар мавжуд. Режиссёр Александро Иннаритнинг “21 грамм” деб номланган фильми экран юзини кўрганидан сўнг руҳнинг оғирлиги, ёхуд унинг вазни борми ёки йўқ — ушбу саволлар атрофида турли баҳс­мунозаралар пайдо бўла бошлади.
 
Ҳақиқатдан ҳам операция столида ётган бемор жон берса, унинг танаси 0,06–0,1 % вазн йўқотиши қайд этилган.
 
Масалан: 70 килограмм вазнлик киши қазо қилгандан сўнг тахминан 40–70 грамм тана оғирлиги ўз-­ўзидан йўқолади.
 
Буни биокимё олимлари тана ҳужайраларидаги “тезкор емирилиш” оқибати содир бўлади, дея изоҳлайди.
 
Яна бир ҳайратланарли томони шундаки, жонсиз жасадни кўтаришганда тириклигидагига нисбатан “оғирлашиб” қолганини сезиш мумкин.
 
Бу ўлимдан сўнг вазн йўқотиш фаразига мутлақо зид, бироқ инкор қилиб бўлмас ҳақиқат ҳам.
 
Клиник ўлимга бир мисол...
 
Сербия фуқароси Любомир Цебич юрак ҳуружи туфайли нақ икки кун операция столида ўлим билан олишади. У 17 марта “ўлиб­тирилади”. Яъни клиник ўлим содир бўлганда уни шифокорлар уни 17 марта “нариги томондан чақириб” олишади. Бу тиббий хулоса варағига қайд этилган расмий далил.
 
Эътиборлиши шуки, тиббиётда бунга ўхшаган ҳолат илгари учрамаган (қайд этилмаган) эди...
 
Клиник ўлимни бошидан кечирганларнинг ҳикояларини умумлаштириб, уларнинг аксарияти гувоҳи бўлган саҳна ҳаракатини тасвирлаб бериш мумкин.
 
...Аллақандай енгиллик, вазнсизлик орқали юқорига кўтарилган бемор ногаҳон ўзинг жонсиз танасини кўриб қолади­-ю ҳайратдан қотади!
 
У оғирлик сезмайди... Табиийки оғриқлардан безор бўлган бемор бирдан дардларидан фориғ бўлиб аллақандай роҳатни ҳис этади.
 
Сўнг унинг ўлганини айтаётган ёки уни ҳаётга қайтариш учун ҳаракат қилаётган шифокорлар ва ҳамширалар суҳбати...
 
У ўзининг сезгилари: кўриш, эшитиш, ҳид билиш ва ҳис қилишлар йўқолмаганини билгач, шифокорларга нималарнидир айтгиси келади. Ҳатто уларнинг елкасини қоқиб қўймоқчи ҳам бўлади. Бироқ уни ҳеч ким на кўради, ва на эшитади...
 
Кимдир танасига қайтишни истайди, яна кимдир ўзини “озодликка чиққандек” ҳис этиб, танаси томонга интилмайди.
 
Олисдаги ёруғлик...
 
Аксарият ҳолларда “вақтинчалик ўлимга” дуч бўлганлар жонсиз танаси атрофида “саёҳат қилиш” билан чекланадилар.
 
Айрим ҳолларда эса руҳнинг “бошқа дунёлар”га ташриф буюриши баён этилади.
 
Масалан: кўпчилик қоронғу тунел орқали аллақандай нур кўриниб турган томонга ҳаракатланади. Ёруғлик тушиб турган макон ниҳоятда гўзал жой бўлиб чиқади­-ю уни қазо қилган қариндошлари ўзгача хурсандчилик билан кутиб оладилар.
 
Айрим кишиларнинг баёнида айтилишича, улар тунел охиридаги бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган жойда ўзидан нур таратадиган, мулойим ва меҳрибон “маҳлуқлар”га дуч келади.
 
Баъзилар эса аллақандай тўсиқларга рўбарў бўлишади.
 
Сўз билан тушунтириб бўлмас туйғулар орқали агар ўша тўсиқдан ўтса, “орқага” қайтолмаслигини сезишади ҳам. Бироқ ҳамма ҳам танидан ташқаридаги “саргузаштларини” аниқ-­тиниқ эслолмайди.
 
Кўпчилик кучли ёруғлик қўршовида бўлиб, аллақандай “нурли мавжудодлар” билан суҳбатлашади.
 
Тажриба натижаси ҳайратга солди...
 
Инглиз шифокорлари томонидан оламшумул тажрибалар ўтказилди. Саутхэмптон шаҳридаги госпиталларнинг бирида фаолият юритаётган Сем Парниа ушбу тажрибаларни бир неча йил олдин бошлаб юборган эди.
 
Кўп ўтмай унинг натижалари эълон қилинди ва бу бир қатор илмий рисолалар ёзилишига сабаб бўлди.
 
Тиббиёт муассасаси Семнинг ташаббуси билан биринчи марта ўзгача (мавжуд стандартларга мос келмайдиган) тарзда жиҳозланди.
 
Палата ва операция хоналарининг шифти остига рангли суратлар туширилган тахталар қоқилди. Буни фақат тепага кўтарилган киши кўра олиши мумкин эди-да...
 
Турли касалликлар билан операция столига ётқизилган беморларнинг юраги уришдан тўхтаб қолса, дарров унга зарур муолажа қилиш билан биргаликда ўрнатилган видеокамера ва овоз ёзиш ускуналари ишга туширилади.
 
Клиник ўлимдан муваффақият билан чиқарилган беморларнинг ҳар битта ишораси­-ю гаплари бирма-­бир ўрганиб чиқилди.
 
Уч йил Сем ва унинг ҳамкасблари томонидан ўтказилган тажрибада 63 нафар бемор “қайта тирилтирилди”. Уларнинг учдан бир қисми клиник ўлим пайтида нималарни кўргани­ю, нималарни эшитганини аниқ эслай олишади.
 
Бироқ бирон киши шифт остидаги рангли суратларни кўрмаган. Бу беморларнинг ёлғон гапиргани натижасими ёки уларнинг эътиборсизлиги оқибатиданми — тушуниш қийин.
 
Руҳ мавжуд...
 
Олимлар томонидан ўтказилган қатор тажрибаларда “нариги дунёга саёҳат” қилганларнинг умумий ҳис­-туйғулари изчил ўрганилди.
 
Вазнсизлик, оғриқни ҳис этмаслик, ёруғлик ва қоронғулик узра сузиш (учиш), марҳум қариндошлар билан ушрашув...
 
Демак, ҳамма ҳолатда ҳам тана эмас, бошқа бир нарса иштирок этаяпти!
 
Оксфорд университетининг машҳур неврологларидан бирининг фикрича, руҳ мавжуд ва у тана билан бирга ўлмайди.
 
– Бундай пайтда миянинг “ёпилиш маросими”ни хотирасига ёзиб олишга вақти етмайди, – дейди профессор Питер Фенис. – Масалан, инфарктда киши бир лаҳзада ҳушини йўқотади. Қандай йўқотганини, ҳушидан айрилишидан 4–5 сония олдин нима бўлганини эслолмайди. Буни киши қандай кўзи илинганини (ухлаб қолганини) эслай олмаслигига ўхшатиш мумкин. Ҳушнинг йўқолиши билан эса шу заҳотиёқ хотира ҳам “ўчади”.
 
Кишиларнинг ёдида қолиши мумкин бўлмаган саҳналарни эслаб қолинишига нима дейсиз? Негаки, улар беихтиёр танаси “ўлиб”, руҳи “ишга тушганда” содир бўлган манзаралар ҳақида гапирмоқда.
 
Демак, танадан ташқари ҳис қилиш, эшитиш ва эслаб қолиш каби қобилиятларга эга бўлган яна бир тана — руҳ мавжуд бўлиши мантиқан тўғри.
 
Айрим малакали нейрожарроҳларнинг фикрича, клиник ўлим — ҳаёт ва ўлим орасидаги бир ҳолат. Бу ҳали ўлим дегани ҳам эмас, бироқ тириклик нишонаси ҳам эмас. Клиник ўлим марказий асаб тизимининг ишдан чиқиши ва қон айланишининг тўхташи билан бошланадиган физиологик ҳолат бўлиб, унинг сабаби турли хил потология: жароҳат, сурункали касалликнинг охирги босқичи, ҳатто қандли диабет асоратлари бўлиши мумкин.
 
Одатда клиник ўлим 4–7 минут давом этади. Мана шу вақт ичида “ўзини идора қилолмай қолган” асаб ҳужайраларини сақлаб қолиш қилиш мумкин.
 
Узоқ вақт беҳуш ҳолатда бўлиш — бу кома. Клиник ўлимдан сўнг “тирилиш” имконияти жуда кам...
 
Юқоридаги фикрларни баён этган нейрожарроҳлар беш яшар қизча 20 минутлик клиник ўлимдан сўнг омон қолгани ҳақида гувоҳлик берган.
 
Ўлим, охират ҳақидаги тушунчалар ҳали ҳеч ким томонидан тўлиғича кашф этилгани йўқ. Балки шуниси билан ҳам у сирли, қизиқ, кишилар эътиборини жалб қиладиган ҳилқатдир.
 
Мусулмон киши бир кунда берилган ризқ, кўрсатилган кунга шукроналар айтиш баробарида камида 7 марта банда эканлигини (вақти келиб ўлим топишини) бўйнига олиши лозим, деган гаплар бор.
 
Дунёнинг қанчадан-­қанча сир-­асрори ечимини топган Ибн Сино “...ечилмай қолгани биргина ажал” деган эди.
 
Ахир бу табиат қонуни — ўлим бўлмаса туғилишдан мантиқ йўқ...
 
Азиз мухлис, эслатиб ўтамиз, “Бу қизиқ” ва “Саломатлик” рукнлари орқали эътиборингизга қизиқарли маълумотлар, турли мавзудаги тавсия ва маслаҳатлар бериб бормоқдамиз.
 
Жумладан, кишиларнинг йиллик ёшидан фарқ қилувчи эмбрионал ёши, бундан ташқари, ортиқча вазн билан боғлиқ муаммолар, тўғри овқатланиш қоидалари, ҳомиладорликда қон босими, кишиларнинг 5 та сезги туйғулари ва “олтинчи туйғу” деб аталмиш ҳодисалар ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этган эдик. 
Улуғ БЕК

Теглар:Ўлим ҳодисаси Руҳ мавжудми Биологик ўлим Клиник ўлим Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!