...
МЕНЮ
ONLINE TV

Маълум ва машҳур ўлим ҳодисаси: у мавҳумлиги билан қўрқинчлими?


11:50, 13.10.2017 Бу қизиқ
 6 855

Ажал билан юзма-­юз келиш, аниқроғи клиник ҳамда биологик ўлим ҳақида нималарни биласиз?

Ўлим эшиги ортидаги ҳаёт...
 
Дунёдаги диний ҳамда илмий таълимотларнинг бу борадаги қарашлари турфа хил...
 
Ҳар бир инсоннинг бу борадаги ўз фалсафаси, эътиқоди, борингки, ўз тасаввурлари (тахминлари) мавжуд. Шаккокликка йўймангу ҳали ҳеч ким “нариги томондан” қайтиб келиб, ўз кўрган-кечирган “саргузаштлари” билан ўртоқлашгани йўқ...
 
Шундай бўлсада, муқаддас динимизда ўлимдан сўнгги ҳаёт, яъни охират борасида маълум диний қарашлар мавжуд. Масалан, айрим диний китобларда “...Барча оламларни йўқдан бор қилиб яратиб, унинг тадбирини қилиб турган, инсонни нутфадан яратиб, тақдирини белгилаб қўйган, унинг туғилишини ва бу дунёда яшашини осон қилиб қўйган, ажали етганда вафот эттириб, қабрга киритган.
 
Ўлим маълум ва машҳур нарса. Уни ҳамма билади ва соат сайин қайта-қайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Ўлимни билмаган, эсга олмаган одам боласи йўқ. Аммо ўлимга боғлиқ нарсалар тамомила ғайбиётлар жумласига киради. Уларни кўриб ҳам, ҳис қилиб ҳам, бошқа нарсаларга солиштириб ҳам бўлмайди”  дейилади.


Ўлим ҳақидаги илмий фаразлар, аниқроғи баъзи тасаввурлар турли хил вазиятларда клиник ўлимни бошидан кечирганларнинг хотиралари билан боғланиб келинаётгани рост.
 
Клиник ўлимдан сўнг (тирик организмнинг муҳим функциялари: юрак уриши ва нафас олишнинг тўхташи) баъзи кишиларнинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетади. Кимдир исмини алмаштириши, яна кимда фавқулодда аллақандай ноёб қобилиятлар пайдо бўлиши мумкин.
 
“Нариги дунёга саёҳат” қилганларнинг аксарияти аллақандай нурга тўйинган оппоқ кенглик ёки ваҳимали қоп­қора бўшлиқ узра учганини, нимаси биландир кишини ром этадиган мусиқани эшитганини, қандайдир бир тасаввурга сиғмас жойлар устида парвоз қилганини айтишади.
 
Бироқ буларнинг барига ишониш қийин. Тўғри-да, одамзод ўз кўзи билан кўриб, ўзининг қулоқлари билан эшитгандан сўнггина ишониши мумкин. Шундаям “кўзларимга ишонмадим” дейиши аниқ.
 
Ажал томон уч босқич...
Ғалати эшитилиши мумкин, бироқ шифокорлар ўлим содир бўлишини уч босқич (турга): биологик, клиник ва мия фаолиятининг бутунлай тўхташига бўлишади.
 
Биологик ўлим — бу организмдаги барча физиологик жараёнларнинг тўхташи (тўқима ва ҳужайраларда моддалар алманишувининг бузилиши), яъни кишида бирорта тириклик аломатлари қолмаслиги (тананинг совуши) билан ифодаланади. Бу охирги босқич.
 
Клиник ўлим рўй берганда организм ўз “кучи” билан ёки ташқи таъсир остида “тирилиши” мумкин, бироқ биологик ўлимда ҳеч қандай реанимация муолажалари кор қилмайди.
 
Учинчи ҳолат ҳам биологик ўлимдан олдин содир бўлиб, унда бемор сунъий нафас олиши, юраги нотекис уриб туриши мумкин, аммо мия фаолияти батамом тўхтайди. Натижада биологик ўлим рўй беради.
 
АҚШ Асаб касалликлари миллий институти томонидан ўтказилган “Қўшма тадқиқот” номли дастур лойиҳаси тажрибаларида аниқланишича, клиник ўлимнинг 68.6 фоизи биологик ўлим билан, 22.6 фоизи эса мия фаолиятининг тўхташи билан ва фақат 8.8 фоизигина беморнинг ўзига келиши (“тирилиши”) билан якунланар экан.
 
Шифокорлар учун клиник ўлим, унинг келиб чиқиши ва оқибатлари ҳали­-ҳануз сирли ҳилқат сифатида қолмоқда. Мутахассислар неча йиллар давомида бу борада бир тўхтамга келишолгани йўқ. Клиник ўлимни бошидан кечирган беморларнинг “тажрибалари” орқали минг бир тахмин илгари сурилади, бироқ ўлиб, сўнг тирилганларга ҳақиқатда нима бўлиши ҳеч кимга маълум эмас.
 
Азиз мухлислар, юқоридаги фикрлар — илмий фаразларнинг йиғиндисидан бўлак ҳеч нарса эмас. Албатта, ўлим биз учун ҳам мавҳум, ҳам ишонч ва тахминлар мунозарасидаги мулоҳазалар тасдиғидан иборат ҳодиса.
 
Туркумнинг навбатдаги мақолаларида мазкур мавзу давом эттирилиб, унда инсон руҳи, унинг оғирлиги бор ёки йўқлиги ҳақида баҳслар (фаразлар, тахминлар), клиник ўлимдан сўнг “тирилганлар”нинг кўрган-кечирганлари ва, албатта, дунё олимларининг бу борадаги илмий қарашлари билан ўртоқлашамиз.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мия фаолиятининг узоқ умр кўришга таъсир этиши, инсон руҳияти ҳамда унинг танасига тааллуқли қизиқарли маълумотларни марзур туркум мақолалари орқали этиборингизга ҳавола этганмиз.
Улуғ БЕК

Теглар:Ўлим ҳодисаси Диний қарашлар Илмий фаразлар Биологик ўлим Клиник ўлим 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!