ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов бугун ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Ҳалифа билан Малайзияда учрашди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга асосланган турли лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, ОФК томонидан миллий ассоциацияларни ривожлантириш дастури асосида иккита лойиҳа бўйича келишувга эришилди.
Унга кўра Ўзбекистоннинг Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида болалар учун мўлжалланган мини-футбол майдончалари барпо этилишига ОФК томонидан маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, Республика Олий Спорт Маҳорати Футбол Мактабига қарашли сунъий қопламали майдон ОФК томонидан ажратиладиган маблағлар асосида тўлалигича реконструкция қилинади.
“Шунингдек, учрашув давомида миллий чемпионатда иштирок этадиган клубларни лицензиялаш бўйича улар олдига қўйиладиган талаблар масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ФИФА ва Осиё футбол конфедерациясининг директив ҳужжатлари, шунингдек бошқа норматив ҳужжатлар асосида ОФК, ЎФФ ва ПФЛ ташкил қиладиган мусобақаларида иштирок этиш учун профессионал футбол клубларига қўйиладиган талаб ва тамойилларни кучайтиргани ОФК президенти томонидан юқори баҳоланди”, дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино, Бирлашган Араб Амирликлари Футбол уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий ва Қатар футбол уюшмаси президенти Шайх Ҳамад бин Ҳалифа бин Аҳмад ал-Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштирганди.