...
МЕНЮ
ONLINE TV

ЎФФ “Олтин водий” лойиҳаси дастурини тасдиқлади


19:56, 03.11.2017 Спорт
 2 665

Эндиликда Фарғона вилояти “Водий лигаси”нинг маркази сифатида қайд этилди.

ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон футбол федерациясининг болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол бошқармаси Тошкент шаҳар футбол федерациясининг ташаббуси билан “Олтин водий” лойиҳаси дастурини ишлаб чиқди.
 
Унга кўра, Фарғона вилояти водий лигасининг маркази сифатида қайд этилди ва ЎФФ ҳамда ПФЛ томонидан махсус дастур асосида бошқарилади.
 
Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан пойтахтда амалга оширилаётган барча кўламдаги ишлар водийда ҳам амалда қўлланилади.
 
Лойиҳани ишга тушириш орқали водийлик маҳаллий ўсмирларни ўз уйларидан узоқ бўлмаган ҳолда сифатли хизмат турини олишини таъминлаш бўлади.
 
Шу билан бир қаторда водий жамоаларини профессионалликка йўналтириш чора-тадбирлари қўлланилади.
 
Водий жамоалари учун маркетинг, ОАВ, болалар футболи, лицензиялаш, мураббийларнинг малакасини ошириш каби дастурлар энди водийнинг ўзида тажрибали мутахассислар томонидан ўргатилади.
 
Шунингдек, ягона марказда фаолият олиб борадиган мутахассислар, водий жамоалари иштирокидаги олий ва биринчи лига учрашувларини ОЧЛ савиясида ўтказиш борасида маҳаллий клублар билан биргаликда ишлайдилар.
 
Айни кунда бундай хизмат тури билан фақатгина ОЧЛнинг мунтазам иштирокчилари, "Бунёдкор", "Пахтакор", "Насаф" ва "Локомотив" жамоалари мақтана олади. Худди шу сифат олий ва биринчи лиганинг барча жамоаларида ҳам амалда қўлланилади.
 
“Олтин водий” лойиҳаси асосида водийнинг турли шаҳарларида, турли хилдаги тадбирлар ташкил этилади.
 
Мазкур лойиҳа асосида Ўзбекистон Кубоги–2018 мусобқасининг финал ўйинига ҳам айнан водий стадионларидан бири мезбонлик ҳуқуқини мавсум бошида қўлга киритади.
 
2018 йил мавсум аввалида профессионал клублар ўртасида "Олтин водий" мусобақаси бўлиб ўтади. Унда водий клубларидан ташқари Республиканинг бошқа жамоалари ҳам иштирок этадилар. Бу эса жамоаларни янги мавсум олди ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотлари сифатли ўтишини таъминлайди.
 
Водий клублари ва "Олтин водий" лойиҳаси иштирокчилари 2018 йил ОЧЛ ўйинларининг ишчи-гуруҳи таркибида малака оширадилар.
 
“...Европа андозасини ўрганиб чиқар эканмиз, Германия, Бельгия, Испания ва Италия каби давлатлар пойтахтида берилаётган хизмат тури чекка-чекка қишлоқларда ҳам қўлланилади. Биз ҳам Ўзбекистонда шу ишни қўллаймиз.
 
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан имзоланган меморандум ёрдамида водийдаги барча БЎСМ ва футбол лицей-интернатлари ҳамда Олимпия захиралари коллежларини назорат қилган ҳолда, у ердаги иш сифатини оширишимиз керак бўлади. Бунинг учун албатта водий лигасини тузишимиз лозим бўларди.
 
Шу боисдан ЎФФ Болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол бошқармаси ва Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан "Олтин Водий" лойиҳаси ишлаб чиқилди.
 
Бу лойиҳа Ўзбекистон футболи келажаги йўлида хизмат қилишига ишонамиз. Лойиҳа давомида кўплаб янгиликлар билан танишиб борасиз.
 
9 ноябрь куни Ўзбекистонга Жаҳон футболи афсонаси, Европа ва Жаҳон чемпиони Карлес Пуйоль ташриф буюряпти.
 
Бу каби тадбирларни водийда ҳам ўтказамиз. Халқаро ўйинлар ҳавосини олиб киришни мақсад қилганмиз. Бунга бироз вақт кетади, аммо дастур асосида уни ҳам уддалашимизга ишонамиз”, дейди Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов.
 
Шунингдек, "Нефтчи", "Навбаҳор", "Андижон", "Қўқон-1912", "Цементчи" каби жамоаларнинг болалар ва ўсмирлар футболига масъул ходими болалар футболи ривожланган Европа мамлакатларида тажриба орттиради.
 
"Олтин водий" дастури асосида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
 
1. 2-лига жамоалари ўртасида водий лигаси.
 
2. U-14, U-16 ва U-18 жамоалари ўртасида водий лигаси.
 
3. U-7 ва U-18 жамоалари ўртасида Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларининг икки давралик тизимдаги чемпионати.
 
4. U-7 ва U-18 жамоалари ўртасида водий вилоятларининг чемпионати.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Олтин водий лойиҳаси ЎФФ водий футболи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!