24 футболчи Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан халқаро ўртоқлик учрашувида иштирок этди.
Ўзбекистон терма жамоаси Марокашда бўлиб ўтган йиғин давомида 24 футболчи Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан халқаро ўртоқлик учрашувида иштирок этди.
Биринчи ўйин 23 март куни Касабланкада Африка қитъасидаги саралаш мусобақасида энг кўп очко йиққан жамоа - Сенегалга қарши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 1-1 ҳисобида дуранг ўйнади.
5 кун ўтиб, Ўзбекистон терма жамоаси охирги 13 та ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган Марокаш терма жамоаси билан ўйнади ва 2-0 ҳисобида мағлуб бўлди.
Терма жамоани бошқариш ваколатига эга бўлган мураббийлар кенгаши аъзолари бўлиб ўтган машғулотлар ва ўртоқлик учрашувларида жамоа олдига асосий уч вазифани қўйди.
Биринчиси, жамоа таркибини ёшартириш, кучли жамоаларга қарши ўйинлар учун мос тактик схемани аниқлаб олишдан иборат бўлди.
Иккинчиси, футболчиларнинг куч ва салоҳияти борасида ҳеч кимдан кам эмаслигини уларнинг тафаккурига сингдириш ва ҳар қандай жамоа билан ўйнаш мумкинлигини уқтиришдан иборат бўлди. Бу энг аввало рақибдан чўчиб ўйинни бошлаш, ҳужумга ўтиш ва олдинга ташланишдаги дадиллик даражасини кўтариш учун ўйлаб чиқилган эди.
Учинчиси, 24 нафар футболчининг бугунги кунги функционал тайёргарлигини максимум даражада синовдан ўтказиш эди. Бу эса ўзаги Осиё ўйинларида иштирок этадиган миллий терма жамоа рўйхатининг доимий равишда янгиланиб бориши ва жамоадаги рақобатни ўстиришга қаратилган эди.
“Сенегалга қарши ўйинда терма жамоа футболчилари қўйилган вазифаларни максимум даражада бажаришга ҳаракат қилишди ва бу нарса қайд этилган натижада ҳам акс этди. Тан олиш керак, ҳимоя чизиғида ҳам, ҳужумда ҳам ўйинни ташкил қилишда қилиниши керак бўлган ишларнинг кўплиги сезилиб турди, бироқ якунда жамоа ўз олдига қўйган вазифани уддалади”, деб хулоса қилади Мураббийлар кенгаши.
Кенгаш Марокашга қарши учрашувда футболчилар ўз олдига қўйилган вазифаларни бажара олмадилар деб ҳисоблади.
“Биринчидан, таркибда янги ва ёш футболчилар майдонга тушди. Улар ўйин бошларида ўзларини бироз йўқотиб қўйдилар ва 3-дақиқадаёқ гол ўтказиб юбордилар”, - деб ёзилади ҳисоботда.
Мураббийлар кенгашининг фикрига кўра, Марокашга қарши ўйинда майдон марказида тўп билан ва тўпсиз ўйинда қарор қабул қилишнинг кечикиши натижасида жуда кўп ҳолатларда кураш бой берилди.
Танаффусдан кейин жамоа бироз ўзига келди ва Ўзбекистон ёшларининг ўйинида ностандарт ҳаракатлар, кутилмаган финт ва зарбалар кўзга ташлана бошланди.
“Иккинчи гол бўлмаганида, жамоа дуранг учун яхши ҳаракат қилди. Аммо, уларнинг мотивациясини иккинчи гол ўзгартириб юборди. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, бундай вазиятларда жамоага чўкмасликни ўргатиш борасида амалий ишлар қилиниши керак”, дейилади ҳисоботда.
Йиғин тугагач терма жамоалар бошқармаси ва мураббийлар кенгаши ўйинни тўлиқлигича тахлил қилиб чиқди ва амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Ҳар бир футболчига ўзи ўйнайдиган клубда шуғулланишида риоя қилиниши керак бўлган индивидуал тайёргарлик дастури берилди. Улар эса май ойидаги янги йиғингача мониторинг қилиб борилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ЎФА терма жамоалар бошқармасининг иш режасида 19 майда сафарда Эрон, 7 июнь куни сафарда Уругвай терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ва ўқув-машғулот йиғинлари бор.
Мазкур учрашувлардаги асосий мақсад – миллий терма жамоани ёшартириш ва унинг ўзагини Осиё ўйинларида иштирок этадиган ёш футболчилар билан тўлдиришдан иборатдир.
Шу сабабли май ва июнь ойидаги жаҳон чемпионатининг навбатдаги икки иштирокчисига қарши ўйинларда миллий терма жамоа ёшартирилган таркибда ҳаракат қилади.