Қабул жараёнида Одил Аҳмедовнинг шахсан ўзи бош-қош бўлади.
2004 йилда таваллуд топган тарбияланувчилар спорт коллежининг футбол бўлимига имтиҳон топширадилар. Наманганда жойлашган коллежнинг жорий йил қабул жараёнида Одил Аҳмедовнинг шахсан ўзи бош-қош бўлади. Спорт коллежига водийнинг энг истеъдодли футболчиларини йиғиш Аҳмедовнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Танлов икки қисмдан иборат бўлади. Июль ойининг бошида Наманган шаҳрида 2004 ва 2005 йилларда таваллуд топган жамоалар ўртасида ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинади. Унда водийдаги 20 га яқин клуб ва БЎСМлар иштирок этишлари мумкин бўлади.
Ўйинлар давомида пойтахт ва водийлик мутахассислар томонидан тузилган мутахассислар, ўзларига маъқул келган футболчиларни якуний имтиҳонларга таклиф этадилар. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган футболчилар ётоқ билан таъминланган ҳолда, Европа методикаси асосида профессионал футбол сир-асрорларини ўрганишади.
2005 йилда таваллуд топган футболчилар эса 2019 йил учун назоратга олинади ва кейинги йилнинг июль ойига қадар улар доимий кузатувда бўлишади.
Танлов ўтадиган кунлар ҳақида эса тез орада яна маълумот бериб ўтамиз.