Тўй ва маросимларни дабдабалардан ҳоли ўтказиш фақат бугуннинг мавзуси эмас. Қарийб 20 йил давомида бу борада қатор қарорлар, расмий ҳужжатлар қабул қилинди. Натижани эса ўзимиз кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз.
Президентнинг маърузаси ТВ орқали намойиш этилгандан сўнг, тўйларни ўтказиш муҳокамалар майдонининг асосий мавзусига айланди. Ким учундир тўйлардаги харажатларни қисқартириш тўғрисидаги қарорни чиқариш вақти аллақачон келган бўлса, яна кимгадир бу қарорнинг қабул қилиниши маъқул эмасдек. Фикрлар қарама-қарши, истаклар кўп. Ёш келин ва куёвнинг эртанги бахтли ҳаётини тахт билан яратиб бўлмаслиги кундек равшан бўлиб бораётган бугунги даврда одамларнинг, хусусан, ёшларнинг ҳам истаклари кун сайин ортиб бормоқда. Уй, мебель, маиший техника, башанг либослар, бир неча юз кишилик тўй, ортидан кичик, аммо даҳмазаси катта тадбирлар... Хўш, тўйдан кейин ёшлар нимага интилиб яшайди, қайси кам-кўстини тўлдириш учун меҳнат қилади, зотан ҳамма нарсани шўрлик ота-она бадастир қилиб берса...
Ўзбек халқи янгидан-янги одатларни, олди-бердиларни ўзи ўйлаб топиб, бу урфлар қаердан келиб чиқди деб яна ўзи нолийди. Тўй ва маросимларни дабдабалардан ҳоли ўтказиш бугуннинг мавзуси эмас. Қарийб 20 йил давомида бу борада қатор қарорлар, расмий ҳужжатлар қабул қилинди. Натижани эса ўзимиз кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Тўй ва ҳашамларни дабдабасиз ўтказиш бўйича илк бор 1998 йил 28 октярбрда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони қабул қилинган эди. 2012 йилнинг 18 апрель куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг қарори қабул қилинди. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 18 июлдаги фармойишига илова тарзида “Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ўзбек миллатига хос тўй-ҳашам, тантана, маросим ва бошқа оилавий тадбирларни тартибга солиш ва ихчамлаштириш тўғрисида”ги тавсиявий тартиб одамлар орасида катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик унда келтирилган айрим ҳолатларни рад этмоқда, чидаб бўлмайди, деяётганлар, кўнглимдагидек иш бўлибди деб, табассумини яширмаётганлар ҳам йўқ эмас.
Ушбу тавсиявий тартиб Президентнинг 3 август куни ўтказган йиғилишидан аввал чиқилган. Демак, уни қарор ўрнида кўришга шошилмаслик лозим. Президент қарорида эса унда келтирилган тавсиялар акс этадими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.
Келинг, унда келтирилган тавсияларни бирма-бир кўздан кечирсак.
Биринчи бандда никоҳ тўйи ўтказилиши олдидан маҳалла хабардорлигини таъминлаш мақсадида ФХДЁлар МФЙдан маълумотнома олиниши кўрсатилган. Бу жуда тўғри таклиф. Унинг ёнига никоҳ тузилаётганда никоҳ шартномасини тузиш ҳам мажбурий этиб белигилаб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Боиси айнан Тошкент шаҳри ажримлар борасида республикада рекорд ўрнатди. 2016 йилда тузилган ҳар 100 та оиладан 36 таси ажрашиш даражасига етиб борди. Содда қилиб айтганда, никоҳ шартномасининг афзаллиги шундаки, агар келин ва куёв ажрашгудек бўлса, тўйдан олдинги ва тўйдан кейин харид қилинган шахсий ва умумий мол-мулкларни бўлишда муаммолар юзага келмайди. Шундагина куёвларимиз ўзи учун олган автомобилини, уйини ва бошқа мол-мулкини ота-онаси ёки ака-опасининг эмас, ўз номига расмийлаштириб олишдан қўрқмасликлари мумкин.
Иккинчи банддаги тавсия ҳам ғоят муҳим. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир иш кунлари соат 07:00 дан 09:00 гача, 12:00 дан 14:00 гача, 18:00 дан 23:00 гача ўтказилиши белгиланган. Аввалги расмий ҳужжатлар билан солиштирилса, деярли ўзгариш йўқ ва тўғри қарор дейиш мумкин.
Учинчи масала эътибор талаб этади. Бунда тадбирларга таклиф қилинганлар сонининг 200-300 кишидан ошмаслиги таъкидланган. Қизиқ, агар ўғил тўйи, ақиқа, суннат тўйи ва никоҳ тўйи, юбилей каби тадбирлар қўшиб ўтказилса ҳам меҳмонлар сони шунча бўлиши керакми ё тадбирлар ҳисобига қўшилиши? Бундан ташқари, эркаклар учун ўтказиладиган ош маросимларига 200-300 кишиликдан оширмаслик бўйича тақиқларни қўйилиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Тўртинчи масала ўта жиддий. Тавсияга кўра, тадбирда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, фақат дин соҳаси вакили томонидан маъруза қилиниши керак.
Бешинчи ва олтинчи бандда чақалоқ туғилиши билан боғлиқ барча тадбирларни фақат яқин қариндошлар даврасида ўтказиш, туғруқхонадан олиб чиқиш тадбирини барча санитар нормаларга риоя этган ҳолда ортиқча дабдабаларсиз ташкил этилиши белгиланган. Тўғри, қарор!
Еттинчи бандда бешик тўйи, ўғил тўйи, ақиқа каби маросимларни 20-30 нафардан иборат яқин қариндошлар ўртасида ортиқча сарф-харажат ва тоғорасиз ўтказилиши кўрсатилган. Бизнинг ўзбек аёлларидан тоғорани олиб қўйишнинг уддасидан чиқа олишармикан?! Агар шу масала ҳал этилса, кўплаб оилаларнинг ажрими олди олинарди.
Саккизинчи бандда никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимларни қисқартириш бўйича шундай дейилган:
- Оқўрар, фотиҳа ва унаштирув маросимларини қисқартириш мақсадида келин ва куёв тарафдан тадбирда жами 4-6 киши қатнашиши ва тоғоралар сони 2-4 тадан ошмаслиги кўрсатилган. Қанийди шундай бўлса....
- Келин ва куёвга қилинадиган сарполарга “Келинлик одоби” ва “Куёвнинг оиладаги ўрни” тўғрисида адабиётлар қўшиш тавсия қилинган. Зора, айрим келин ва куёвларимизни шу йўл билан тарбияга чақириб бўлса.
- Келин тушадиган уйнинг куёв томонидан жиҳозланиши. Бугун бу мавзу жуда катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Нега энди, урф-одатларимиз қаерда қолади деган “мард” йигитлар ҳам учрамоқда.
- Юртга ош бериш маросимини 200 кишидан кўп бўлмаган меҳмон билан ўтказиш. Бизнингча, бу тавсияни яна бир бор кўриб, халқ, хусусан ёши улуғ отахонлар фикрларини билиш керак.
- Куёв навкарга куёв ўзининг битта жўраси билан бориши ва ФХДЁ томонидан берилган ҳужжат асосида никоҳ ўқитиши тавсияси ҳам яхши, ҳам чакки. Йигитларнинг келиннинг уйига карнай-сурнай билан кириб келиши, урф одатга кўра куёв қўлидан ош ейиши ғарб одати эмас, ўзимизники. Ундан кўра қўша-қўша машиналар, қимматбаҳо суратга тушиш жойлари, келин дугоналарининг бир хил либослари сарф-харажатини қисқартириш керак. Куёв ёнида битта жўраси билан келинни олиб кетгани келишини бир кўз олдингизга келтиринг. Ҳар ҳолда ўзбекмиз!
- Никоҳ маросимига кетишда келин ва куёвга 1-2 та машинанинг хизмат кўрсатиши энг тўғри қарор деб биламиз. Шунча автомобилнинг шаҳар кўчаларида ҳайдовчи ва йўловчиларга ҳалал бериб юришини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
- Тўй маросимларида хонандаларнинг навбат кутиб туришига йўл қўймаслик, тўйни бир ёки иккита хонанда билан ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб борилиши алоҳида таъкидланган. Шу ўринда савол туғилади: нега бу тавсиялардан “Ўзбекконцерт” эстрада бирлашмасига уларнинг нархларини тушириш бўйича таклиф берилмаган. Ҳолбуки битта санъаткорнинг пулини ҳам тўлай олмаётганлар бор. Президент айтганидек айрим санъаткорлар лицензиянинг пулини битта тўйдан топади.
- Келин салом тадбирини тўйдан кейин рестораннинг ўзида ўтказилиши белгиланган. Умуман шу тадбир бизга керакми? Яна қўйди-чиқди, яна олди-берди. Аммасига кўрпа, холасига ёстиқ, 90 га чиққан бувисига душ ҳалати...