...
МЕНЮ
ONLINE TV

Обама АҚШ президентларининг 54 йилллик анъанасини бузмоқчи


16:58, 18.02.2016 Олам
 4 359

Барак Обама шу йилнинг март ойида Кубага тарихий ташриф уюштирмоқчи.

Президент Барак Обама яқин ҳафталарда Кубага тарихий ташриф уюштирмоқчи. Президентлик муддатининг сўнгги йилида Обама “совуқ уруш” даврида Куба билан бузилган муносабатларни тикламоқчи. Кубага ташриф Лотин Америкаси давлатларига қилинадиган турненинг бир қисми ҳисобланади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. Барак Обаманинг Гаванага ташрифи 54 йиллик совуқ муносабатларга барҳам бериши кутилмоқда. Агар Куба билан иқтисодий алоқалар тикланса, бу президентнинг ташқи сиёсатдаги муваффақияти бўлади.

2014 йил декабрда Обама ва Куба президенти Рауль Кастро икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилишларини айтиб бутун дунёни ҳайратга солган эдилар.

Бундан ташқари, Обаманинг Гаванага март ойи охиридаги ташрифи Рауль Кастро томонидан қўллаб-қувватланган Колумбия учун тинчлик музокараларининг якуний палласига тўғри келади.

Колумбияда 50 йилдан бери ҳукумат ва Колумбия инқилобчи қуролли кучлари (FARC) ташкилоти қўзғалончилари ўртасида уруш бўлиб келаётган эди. 23 март куни Гаванада курашаётган томонлар фуқаролик урушига барҳам бериб, тинчлик шартномасини имзолашлари режалаштирилган.

Обама ўзининг Кубага ташриф этиш истагини ўтган йилнинг декабрида Yahoo News’га берган интервюсида маълум қилган эди.

Вашингтон ва Гавана дипломатик муносабатларни 2015 йилнинг июль ойида қайта тиклади, лекин Кубага қарши киритилган савдо эмбаргоси ҳали бекор қилинмаган. 16 февраль, сешанба куни АҚШ ва Куба расмийлари ярим асрдан кейин илк бор ҳаво рейсларини қайта тиклаш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекдилар.

Барак Обаманинг Кубага ташриф буюриш фикри баъзи америкалик сиёсатчилар томонидан танқид қилинмоқда. Уларнинг фикрича, Куба ҳукумати Кастролар назоратида экан, Обама у ерга бормаслиги керак.

Маълумот ўрнида, Кубага АҚШнинг амалдаги президентларидан фақат Калвин Кулидж 1928 йилда биринчи ва охирги марта ташриф буюрган.

АҚШ ва Куба ўртасидаги муносабатлар 1962 йил “Кариб инқирози”дан кейин ёмонлашган эди.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Барак Обама АҚШ Куба Совуқ уруш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!