Ажрим жараёни камида йилнинг охиригача давом этади ва бу уларга қимматга тушади.
Анжелина Жоли 2016 йил 20 сентябрь куни Брэд Питт билан ажрашиш учун расман ариза берган эди.
Ўтган ҳафтада Анжелина Жоли ва Брэд Питт ажрашганидан сўнг биринчи марта учрашишгани ва мазкур воқеа сабаб Питт собиқ хотини билан ярашишни хоҳлаётгани ҳақида маълум қилган эдик.
Аниқланишича, собиқ эр-хотинлар ўртасидаги муносабат янада аввалроқ яхшиланган, деб ёзади Elle.
“E! News” журналистларининг ойдинлик киритишича, Брэд фарзандлари билан кўришиш мақсадида Жолининг янги фильми учун тасвирга олиш ишлари ўтказилган Камбоджага учиб борган.
“Фильмни тайёрлаш жараёнида ва унинг тақдимоти давомида Брэд вақти-вақти билан Камбоджага бориб турди. Болалар 75 фоиз вақтини Анжелина билан, қолганини эса отаси билан ўтказишган”, дейилади нашр манбасида. Қўшимча қилинишича, Питт бу ишларни яширинча амалга оширган, шунинг учун унинг Камбоджага боргани ҳақида ҳеч қандай фотоисбот йўқ.
Бу гапларга қараганда, Брэд февралдаёқ Жоли билан муносабатларни яхшилашни бошлаган. Бироқ улар ҳалигача болаларга васийлик ҳуқуқи борасида расман келиша олишмаяпти. Анжелина ҳозирда фақат ўзи васийлик ҳуқуқига эга, лекин Брэд бу ҳаққа биргаликда эга бўлишни талаб қилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ажрим жараёни камида йилнинг охиригача давом этади ва бу уларга қимматга тушади.