...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёнинг адабиёт харитасида Ўзбекистон бор, аммо америкача асар остида. Нега?


10:19, 31.03.2017 Жамият
 8 873

Бунга Ўзбекистон ҳақида тасаввур уйғота олувчи ўзимизнинг асарлар етишмаслиги сабабми ёки шундай адабиёт намуналарини хорижликларга реклама қила олмаётганимизми?

Британиянинг The Independent нашри дунёнинг адабиёт харитасини эълон қилди. Унда ҳар бир мамлакат бир китоб кўринишида тасвирланган. Харитада ҳаммаси бўлиб 197 мамлакат намойиш этилган.

Харитада Буюк Британия Жейн Остиннинг “Андиша ва ғурур”, Россия эса Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи қиёфасида гавдаланган.

Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” роман-эпопеяси, Қирғизистон Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссаси, Тожикистон Андрей Волосннг “Хуррамобод” китоби қиёфасида намоён бўлган. Туркманистон эса харитада кўрсатилмаган.

Унда Ўзбекистоннинг ҳам қайд этилгани қувонарли ҳолат бўлса, у маҳаллий адиблар китоби кўринишида эмас, балки америкалик ёзувчи Том Бисселнинг “Денгиз ортидаги погонда: Шарпалар орасида йўқолган Марказий Осиёдаги империя” асари остида тақдим этилгани ажабланарли ҳолдир.
 
Бундай кутилмаган танловнинг сабаби маълум қилинмаган. Лекин шу ўринда савол туғилади: бунга Ўзбекистон ҳақида тасаввур уйғота олувчи ўзимизнинг асарлар етишмаслиги сабабми ёки шундай адабиёт намуналарини хорижликларга реклама қила олмаётганимизми?
 
Биринчи мулоҳазага ҳар қандай ўзбек адабиёти ишқибозлари қаршилик қилиши турган гап. Чунки ўзбек адабиёти салмоқли тарихи ва бугунига эга. Бу борада кўплаб мисоллар келтириш ҳам мумкин.
 
Бироқ иккинчи савол анчайин ҳақли. Сабаби, ўзбек адабиёти намуналари дунё тилларига керакли даражада таржима қилинмаган ва етказилмаган бўлиши мумкин. Балки асарларимизнинг дунё бўйлаб кенг тақдимотларини йўлга қўйиш самарали натижа берар. Албатта, яхши маҳсулот рекламага муҳтож эмас. Бироқ уни аввал оммага танитиш лозим.
 
Шу кунларда Японияда ўтказилган Навоийга бағишланган тадбирда буюк шоир ғазаллари ҳам япон тилида, ҳам оригинал, яъни туркий тилда ўқилгани ўзбек адабиётининг хориж мамлакатларида танилишига туртки бўлади, дейиш мумкин. Қувонарлиси, бу ғазаллар япон талабалари томонидан ўқилган бўлиб, бу ҳақда машҳур япон газетасида мақола ҳам чоп этилган.
 
Америкадаги университетлардан бирида ҳам Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси бор бўлиб, у ерда маҳаллий ёшлар она тилимиз ҳамда буюк асарларимизни ўрганишади.
 
Лекин фақатгина шуларнинг ўзи юқоридаги харитадан ўзимизга муносиб тарзда ўрин олишимиз учун етарли бўлмаган.
 
Балки асарларни чет тилларига таржима қилувчи ёшлардан иборат гуруҳлар тузиш масаланинг ечимига ёрдам берар. Бу ўринда бир ўқ билан икки қуённи уриш мумкин: Ҳам хориж тиллари мутахассисларини иш билан таъминлаш, ҳам асарларимизнинг дунёга тарқалишига йўл очиш.
 
Харитада она Ватанимиз – Ўзбекистонни кўриб қувонган бўлсам, у бошқа бир мамлакат адиби асари остида тасвирлангани эса аксинча кайфиятимни туширди. Ахир бу жойдан Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогияси ҳам ўрин олиши мумкин эди.
 
Хўш, Сиз ҳам ўйлаб кўринг-чи, Ўзбекистон деганда дастлаб қайси асар кўз олдингизга келади?
Сумбула

Теглар:Алишер Навоий Ўзбек адабиёти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Қодиржон
21:27 26.07.2017

Лекин шу ўринда савол туғилади: бунга Ўзбекистон ҳақида тасаввур уйғота олувчи ўзимизнинг асарлар етишмаслиги сабабми ёки шундай адабиёт намуналарини хорижликларга реклама қила олмаётганимизми? Жавоб: Ўзбек адабиётида етарли тассавур уйғота оладиган ва жуда машғур асарлар кўп. Биргина "Бобурнома" нинг жахон адабиётидаги ўрни ва салмоғи катта.Лекин у туркий чиғатой тилида битилган ва уни ўзбек адабиёти наъмунаси эканлигини қандай хориждаги ўқувчига лўнда қилиб тушунтира оламиз.Чиғатой тилининг асосий меросхўри шак -шубҳасиз ўзбек халқи эканлигини қандай қилиб дунёга эътироб эта оламиз? Мумтоз туркий адабиёт намояндаларининг 70% дан кўпи ўзбек халқига мансуб эканлигини қандай исбот қилсак экан? Хўш, Навоий ёки Бобурни эски ўзбек тили чиғатой лабзида хеч қандай луғотсиз мутааъло қила оламизми? Агар ҳоҳ қозоқ, ҳоҳ қирғиз, ҳоҳ тожик бўлсин уларни оригиналда ўқиб онглай олса унда Навоий ёки Бобур кимники?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар