Нью-Йоркдаги портлашни асли келиб чиқиши бангладешлик Акайед Уллаҳ амалга оширгани аниқланди ва у ҳақдаги маълумотлар эълон қилинди.
АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, бу портлашни асли келиб чиқиши бангладешлик Акайед Уллаҳ амалга оширган. Нью-Йорк полициясининг терроризмга қарши курашиш бўлинмаси комиссарининг маълум қилишича, Акайед Уллаҳ ўзининг танасига қўлда ясалган портловчи қурилмани маҳкамлаб олган.
Акайед Уллаҳнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар вакилларига айтишича, қасос олишга ҳаракат қилиш уни Нью-Йорк шаҳрида террорчилик ҳаракатини содир этишга ундаган. У террорчилик ҳаракати билан, Исроилликларнинг Ғазо секторига берган ҳаво зарбалари натижасида ҳалок бўлган тўрт нафар фаластинликнинг қасосини олишга уринмоқчи бўлган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил давлати пойтахти, деб тан олганидан кейин, Исроил ва Фаластин ўртасидаги муносабат кескинлашиб кетган ва Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳаво зарбалари берган эди.
Акайед Уллаҳ полиция вакилларига ИШИДнинг ғояларидан илҳомланганини билдирган. Аммо, полиция уни террорчилар гуруҳи билан бевосита алоқадор, деб ҳисобламаяпти.
Шунингдек, Акайед Уллаҳнинг Нью-Йорк шаҳри такси ҳайдовчиси бўлиб ишлагани, айни вақтда унинг лицензиясининг амал қилиш муддати тугагани аниқлаштирилган.