...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нотариусларнинг “нотариус+” тўловлари қонунийми?


19:52, 30.08.2017 Жамият
 5 142

Бу нотариус, унинг ёрдамчилари ва банк шахобчаси ходими ўзаро тил бириктириб амалга оширадиган жиноят. Бош омили — нотариал идораларининг камлиги, у ердаги навбатлар, халқимизнинг ҳуқуқий маданияти, андишаси, таниш-билишлар...

Ўзингизга маълум, кундалик ҳаётимизда учрайдиган жуда кўп амалиётлар — давлат нотариал идоралари орқали расмийлаштирилади. Уй-жой олди-сотдиси ҳам, автомобиль харид қилиш ёки ундан ишончнома орқали фойдаланиш ҳам, хуллас, мерос, мулк, ишончнома ва бошқа бир қатор юридик кучга эга ҳужжатлар давлат нотариуслари томонидан расмийлаштирилади.
 
Ижтимоий тармоқлардаги баъзи бир фикр-мулоҳаза, баҳс-мунозараларни кузатар эканмиз, айрим нотариал идораларида йўл қўйилаётган камчиликлар, таъбир жоиз бўлса, ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақидаги фикрлар эътиборимизни тортди...


 
Масалан, яқинда бўш турган уйини ижарага берган бир фуқаронинг шикоят тарзида изҳор қилган фикрлари ижтимоий тармоқда муҳокама қилинмоқда. Унда айтилишича, энг аввало, нотариал идоралари ходимлари доим банд...
 
Юридик амалиётлар биносида — ким олдинроқ келганига қараб жонли, шунингдек, илгарироқ тегишли ҳужжатлари кўрсатилиб, текширилиб, сўнг навбатга қайд этилган “навбатсиз” навбатлар ҳам мавжуд...
 
Барчамизга маълум, ҳеч бир нотариуснинг ўзи юридик амалиёт ҳужжатларини тайёрлаб, босмадан чиқариб, сўнг қайд қилган ҳолда уларни расмийлаштирмайди. Бунинг учун техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар хизмати бор.
 
Табиийки, мазкур фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори (тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар) билан тасдиқланган давлат божи ставкаларига ҳамда амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига асосан юритилади.
 
Аниқроғи, юридик ҳаракатнинг мазмуни, иш ҳажми ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига кўра энг кам иш ҳақининг маълум миқдорида тўловлар белгиланган.
 
Демакки, нотариал идораси ичида ёки ёнида қайсидир банк филиалининг шахобчаси жойлашган.
 
Шикоят эгаси бир кун аввал тегишли ҳужжатларини нотариусга кўрсатиб, текширтириб, эртаси белгиланган вақтга етиб борган. Техник хизмат ходимлари “жонли навбат”дан навбатсиз ўтиши мумкинлигини уқтирган ва фуқародан “пулингиз нақдми ёки пластик” деб сўрашган.
 
Тўлов нақд пулда эканлиги маълум бўлгач, қўлига иккита чала тўлдирилган квитанция тутқазган. Эътибор беринг, 2 та квитанцияда кўрсатилган пул миқдори қўшилганда 108 минг сўм бўлган.
 
Пул банк шахобчасининг кассасига тўланган ва кассирдан муҳрланган квитанция сўралганда “ўзингиз квитанцияларни тўлдирмабсиз-ку, кейинроқ тўлдириб, ўзимиз бериб қўямиз” деб жавоб қайтаришган.
 
Пул тўлаган киши “ахир бу квитанцияларни нотариус сўрамайдими, у ҳужжатлар орасига тўлов қоғозларини ҳам қўшиб тикиб юбормайдими” деб эътироз билдирсада, банк шахобчаси ходими “касса ишини тўхтатиб қўйдингиз, навбатингиз келганда нотариусга тезроқ кирсангиз-чи” дея танбеҳнамо жавоб қайтарган.
 
Шундан сўнг нотариус хонасида тегишли нотариал ҳаракатлар амалга оширилган. Ҳар икки томон қонунга мувофиқ тарзда шартнома мазмуни билан танишиб, махсус қайднома китоби ва ҳужжатларга имзо чекиб, тезроқ навбатдагиларга имкон бериш пайида бўлишган...
 
Барча “ўйин тафсилотлари” нотариал идорадан чиқишганидан сўнг маълум бўлган. Юридик ҳужжат ортига, эътибор беринг, давлат божи — 29 995,00 сўм, техник тусдаги қўшимча харажатлар учун — 7 488,75 сўм ундирилди, деб ёзилган. Жами кўрсатилган сумма: 37 483,75 сўм.
 
Шу ўринда савол туғилади, 108 000 сўм тўланган, 37 483,75 сўм ундирилган бўлса, қолган 70 516,25 сўм қаёққа йўқолди? Ёки нотариал ҳаракатлар баённомасида кўрсатилмайдиган бошқа харажатлар борми?
 
Эътибор беринг, 38 минг қаёқда-ю 70 минг қаёқда? Қарийб 2 баробар... Агар бу ўғрилик бўлса, халқимиз орасидаги “ўғри бўлсанг ҳам инсофли бўл” деган гап қаерда қолди?
Нима, бу нотариусларнинг “нотариус+” хизматларими?
 
Шикоят ўринли ва бу амалиётда учраган биринчи ҳолат эмас! Ҳар куни минглаб нотариал ҳаракатлар бажарилади, уларнинг ичида маълум миқдорида айнан шунга ўхшаш ноқонуний ҳаракатлар афсуски учраб туради...
 
Шикоятчининг, аниқроғи ўзини шикоятидан андиша қилган фуқаронинг таҳлилларига қулоқ қўйинг: бу “тизим” анчадан буён давом этаётган, халқимиз яхши биладиган ва кўпинча ўз ҳақини талаб қилишдан андиша қилиниб келинаётган муаммо...
 
Бу — нотариус, унинг ёрдамчилари ва банк шахобчаси ходими ўзаро тил бириктириб амалга оширадиган жиноят. Жиноятнинг бош омили эса, нотариал идораларининг — нотариал ҳаракатлар амалиёти эҳтиёжига нисбатан камлиги! У ерда табиий ёки “сунъий” равишда юзага келадиган навбатлар, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятидан андишаси устун келиши, тезроқ иш битириш, таниш-билиш дегандай...
 
Хуллас, нотариал идора ўз ишини якунлагандан сўнг кирим қилинган пуллар — нотариал битимда кўрсатилганидек “қайта расмийлаштирилади” ва ортиқча пуллар ўзаро бўлиб олинади.
 
Кўпчилик буни билади, бироқ нотариуснинг кўзига “бало бўлиб” қолмаслик учун (ахир рўйхатда турган манзили бўйича яна шу идорага ва яна шу нотариусга дуч келиши эҳтимолдан ҳоли эмасда), айрим тақдим қилиниши лозим бўлган (балки бўлмаган) ҳужжатларни олиб келиш овворагарчиликларидан халос бўлиш учун, иши тез битиб, жонли навбатларни четлаб ўтиш учун, қўшимча ҳақ устамасини “арзимас пул” деб ҳисоблаб, иши битганидан “чин кўнгилдан рози” бўлгани учун эътиборга олмайди.
 
Эътибор берсангиз, билдирилаётган эътирозлар ичида айрим “ҳақиқатлар” ҳам бўй кўрсатаётгандек. Ахир техник хизмат кўрсатувчи 2–3, айрим жойларда 3–4 нафар ходимлар ҳам аллақандай “етти ярим минг сўм”лардан йиғилиб ҳисобланадиган ойлик маошига қандай қилиб ишлаши мумкин?
 
У ерда фойдаланиладиган офис техникаси, унинг сервис харажатлари — техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар миқдорини қоплайдими?
 
Нотариусларнинг ойлик иш ҳақи ва мукофот пуллари миқдори қандай? Уларга берилган имтиёзлар борми, улар қай аҳволда? Ахир олий маълумотли юрист, давлатнинг қонуний амалиётлардаги ишончи вакилида — юқорида шаъма қилинган “қўшимча ҳаракатлар”га нисбатан эҳтиёж қолмаслиги муҳим.
 
Бир томондан, адлия ходимига “нотариус мақомига” эришиш ҳам осон иш эмас. Унинг ўзига хос билим-тажрибаси бўлиши керак. Иккинчи томондан, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўйилмаслиги лозим.
 
Азиз ўқувчи, мазкур масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз. Нотариус ҳаракатлари битимида кўрсатилган давлат божи ва бошқа тўловлар миқдори ҳамда банк шаҳобчасига тўланган квитанцияда кўрсатилган тўлов миқдори орасидаги тафовутлар илова қилинган маълумотларни info@qalampir.uz электрон почтасига юборишингиз мумкин.
 
 
Эслатиб ўтамиз, “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани ҳақида “norma.uz” хабарига ҳавола берган эдик.
Улуғ БЕК 

Теглар:Нотариус нотариал ҳаракатлар Банк шахобчаси Тўлов миқдори Техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар Давлат божи Ноқонуний хатти-ҳаракатлар Нотариал идоралар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар