Ноқонуний қуроллар ва портловчи моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод этилади.
Ички ишлар вазирининг буйруғи — 28 сентябрдаги буйруғи билан муомалада бўлган, рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи модда ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органлари ихтиёрига топшириш қоидалари тасдиқланди.
Мазкур қоидалар Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан муомалада бўлган рўйхатга олинмаган (яъни ноқонуний муомалада бўлган) ўқотар қуролни, унинг ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш тартибини белгилайди.
Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.
Шахснинг ўзи қуролни топшириш ҳақида ички ишлар органларига мурожаат қилса, у қуролни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади. Агар шахс тинтув жараёнида ёки унда қурол борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида уни топшириш тўғрисидаги қарорга келса, у қуролни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди. Бундай шахс жавобгарликка тортилади.
Қуролни ўз ихтиёри билан топширишга истак билдирган шахс қурол сақланаётган жой бўйича ҳудудий ички ишлар органига ёки профилактика инспекторига оғзаки ёки ёзма ариза билан мурожаат қилади.
Ҳужжатда қуролнинг ички ишлар органлари томонидан қабул қилиб олиниши тартиби батафсил баён этилган.
Ўз ихтиёри билан қурол топширилган ҳар бир ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 329- ва 330-моддаларида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширув ўтказилади.
Мазкур ҳужжат 2017 йил 30 декабрдан кучга киради.