Алишер Навоий шеър ёзишда 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган.
1.Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо шоҳлиги даврида Ҳиротда туғилган. Алишернинг бобоси Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган.
2.Отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина ҳам дер эдилар) темурийлар саройининг амалдорларидан, хонадоннинг ишончли кишиларидан эди. У 1453 йили вафот этган.
3.Онаси амирзода Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлган, унинг исми ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
4.Бобомизнинг замондошлари у ҳақида бирор нима ёзганларида ё айтганларида кўпинча "Низомиддин Мир Алишер" деб ёзадилар. "Низомиддин" – дин, диёнат низоми дегани бўлиб, донишманд мансаб эгаларига бериладиган сифат, "мир" – амир деган маъноларни англатади.
5.Навоий ғарбда чиғатой адабиётининг буюк вакили деб қаралади, шарқда “Низоми миллати ва дин” (дин ва миллатнинг низоми) унвони билан улуғланади.
6.Навоий 15 ёшларидаёқ ўз шеърлари билан замонасининг машҳур шоирлари диққатини тортган. 24 ёшга кирганида унинг шеърларини мухисларини йиғишди ва девонга айлантиришди. Бу девонни 1968 йилда улкан олим Ҳамид Сулаймонов фотонусхасини олиб келиб китоб шаклида чоп қилдирган эди.
7.Шоир 7-8 ёшидан 20 ёшигача бўлган даврни умрининг навбаҳори деб ҳисобларди. Шу аснода у ушбу даврга бағишланган девонини "Ғаройиб ус-сиғар"("Ёшлик ғаройиботлари") деб атаган.
8.Алишер Навоий 1469-1472 йилларда муҳрдор, 1472-1476 йилларда вазир бўлиб ишлайди. 1487-1488 йилларда Астрободга ҳокимлик қилган.
9.Улуғ шоирнинг илк шеърий девонини мухлислари тузган бўлсалар, биринчи девони – "Бадое ул-бидоя" ("Бадиийлик ибтидоси")ни 1472-1476 йилларда шоҳнинг амри ва истагига кўра ўзи китоб қилган.
10.“Муншаот” (1498-1499) Навоийнинг мактублари тўплами (жами 88 та хат) бўлиб, улар соғинч хатлари, наврўз табриклари, таъзияномалар, сиёсий ўгитлар, сулҳномалар ва яна бошқа мавзулар ўрин олган. Улар Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон ва бошқа тарихий шахсларга битилган.
11.Навоийнинг "Наводир ун-ниҳоя"("Ниҳоясиз нодирликлар") номли иккинчи девони 1485-1486 йилларда “майдонга” келган.
12.Алишер Навоий 1481-1482 йилларда "Вақфия" асарини ёзади. Вақф деб бирор хайрли ишнинг сарф-харажатини таъмин қилмоқ учун ажратилган ер ёки мулкка айтилади.
13.Навоий 1483 йилда ўз "Хамса"сини ёза бошлаб, 1485 йилнинг бошида тугатган. Шоир ишлаган кунлар ҳисобга олинса, 54 минг мисралик улкан обида 6 ойда битказилган.Туркий тилда биринчи маротаба "Хамса" асари яратилган. Олиму фузало – барча бу ҳодисани зўр олқиш билан кутиб олган.
14.У 1488 йилда ёзган "Тарихи мулки ажам" ("Ажам шоҳлар тарихи") асарини яратади. Бу асар "Муҳокамат ул-луғатайн"да "Зубдат ут-тавохир"("Тарихлар қаймоғи") деб ҳам аталади.
15.Навоийнинг 1490 йиллардаги энг катта хизматларидан бири "Хазоин ул маоний" ("Маънолар хазинаси")ни тузганидир. 1492-1498 йилларда тартиб қилинган 4 қисм девондан иборат бу улкан шеърий куллиёт шоирнинг туркий тилда ёзилган деярли барча лирик шеърларини ўз ичига олган.
16.2008 йилда Навоийнинг яна бир девони топилди. Бу ҳам унинг мухлислари томонидан 1471 йил тартиб берилган экан. Фарқли жиҳати, бу девонни Хуросонга чегарадош бўлган мамлакат – Оққуюнлилар салтанатида тайёрлашган ва ундаги шеърлар қарлуқ лаҳжасидан ўғуз лаҳжасига мосланган. Девонни ўз даврининг таниқлик хаттоти Абдураҳим Хоразмий кўчирган. Мазкур девонни фанга маълум қилган олим Афтондил Эркинов унинг фотонусхасини (факсимиле) Токиода китоб шаклида нашрдан чиқарди. Китобда биз ҳазрат Навоийнинг 1465-1471 йилларда ёзилган шеърлари билан таниша оламиз.
17.Алишер Навоий шеър ёзишда 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган.
18.1480-1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 та работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради.
19.Шоирнинг 1500 йилнинг охирларида ёзиб тугатган " Маҳбуб ул - қулуб " асари унинг энг сўнгги асари бўлиб қолди .
20.Навоий 1501 йилнинг 3 январида вафот этган . Бутун ҳалқ –шоҳдан гадогача, олимдан чўпонгача, шоирдан деҳқонгача улуғ фарзандининг ўлимига қайғу ва изтироб билан мотам тутган.
21.Ўзбек олимлари О. Шарафиддинов, В.Маҳмуд, Ойбек, Я. Ғуломов, И.Султон. А.Зоҳидов, В.Абдуллаев, А.Қаюмов, С.Ғаниева в.б. Навоийнинг ҳаёт йўли ҳақида асарлар яратишган.
22.Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида ХV-ХХ асрларда кўчирилган 166 та қўлёзма сақланади. Улардан 84 тасида бешликнинг ҳамма достонлари берилган.
23.“Хамса” ҳақида хорижий олимлар А.Вамбери, Ж.Малоколин, Ф.Ричард, Л.Вари, Й.Экман, Э.Партеле; рус тадқиқотчилари И.Крачковский, В.Бартолд, Э.Бертелс, Конрад, Б.Жирмунский, А.Якубовский, А.Семёнов; турк олимлари Ф.Кўпрулу, А.С.Левенд, К. Эраслон; озар олимлари Ҳ. Арасли, Г. Алиэв; ўзбек олимлари Фитрат, И.Султон, В.Зоҳидов, А.Қаюмов, Т.Жалолов, Содир Эркинов, С.Назруллаэва, А.Абдуғафуров, М.Ҳакимов, С.Ҳасанов в.б. ишлари маълум.
24.Мустақил Ўзбекистонда Навоийни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Республикадаги энг йирик вилоятлардан бири ва унинг маркази, Ўзбекистон Давлат мукофоти, ЎРФА Тил ва адабиёт институти, опера ва балет академик театри, кинотеатр, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Самарқанд Давлат университети, Тошкент метрополитени бекати ва бошқа юзлаб маданий-маърифий муассасалар улуғ шоир номи билан аталади.
25.Ўзбекистондан ташқари Япония, Озарбайжон, Россия каби мамлакатларда Алишер Навоийнинг хотирасига ҳайкаллар ўрнатилган.