Шавкат Мирзиёев Ауминзо-Амантой олтин конларида ўзлаштиришни бошлаш учун рамзий тугмани босди.
Шавкат Мирзиёев Ауминзо-Амантой олтин конларида ўзлаштиришни бошлаш учун рамзий тугмани босди. Тадбирни видеоконференция орқали Томди туманида, 5-гидрометаллургия заводи бунёд этиладиган ҳудудда кузатиб турган комбинат мутахассислари конни портлатди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш борасидаги лойиҳалар билан танишди.
Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фаолият бошлайдиган академиянинг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновация илмий-тадқиқотларини олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида 5 илмий лаборатория иш олиб боради.
Жорий йилнинг III чорагида иш бошлайдиган илмий марказ фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга, Навоий давлат кончилик институтида юқори малакали кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшади.
Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга ошириладиган лойиҳаларни кўздан кечирди.
2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Пистали конини ўзлаштириш ва 6-гидрометаллургия заводини қуриш, 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг 5-навбати, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва бошқа лойиҳалар ҳам намойиш этилди.