Наталья Темировага нисбатан 2017 йил 25 ноябрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аслида ўқувчилар билан боғлиқ бунга ўхшаш ҳолат Тошкент юридик коллежида биринчи бор учрамаётганди. Ушбу воқеадан сўнг, Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова лавозимидан озод этилиб, иш фаолиятида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун “2-даражали адлия маслаҳатчиси” махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум этилди.
Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент юридик коллежи директори лавозимида хизмат қилган Наталья Темирова ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилганди.
Хўш, воқеалар нима билан тугади. Наталья Темирова қаерда ва қандай аҳволда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова ЎзА мухбирига Наталья Темирова билан боғлиқ саволларда қуйидагича жавоб берди:
“Содир бўлган мудҳиш воқеадан кейин Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур коллежда текшириш ўтказилди. Натижада бу ўқув масканида бошқа жиноятлар содир бўлаётгани ҳам аниқланди ва жиноят иши қўзғатилди.
Суриштирув давомида коллеж собиқ директори Наталья Темирова ва бошқалар давлат бюджети маблағларини йирик миқдорда талон-тарож қилиш, юридик коллежга ноқонуний йўл билан ўқишга кирган талабаларга дипломлар бериш каби ҳолатларга йўл қўйгани маълум бўлди.
Мазкур жиноят ишига алоқадор бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айланаётган Наталья Темировага нисбатан 2017 йил 25 ноябрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда”.