Ёлланма қотил хонандага қўнғироқ қилиб Филипп Бальзанони қўлга туширишга ёрдам беришини айтган.
ОАВга берган интервьюларининг деярли барчасида оилавий ҳаёти, турмуш ўртоғи билан кечирган 20 йиллик умр йўли, ажрим ҳақида гапирар экан, Наргиз Зокирова беиҳтиёр собиқ турмуш ўртоғи Филипп Бальзанонинг ўзгариб, қаҳри қаттиқ, сержаҳл ва ваҳший бўлиб қолгани ҳақида тўхталган.
Буни қарангки, бир неча кун аввал, Наргизга унинг собиқ турмуш ўртоғи томонидан ёлланган қотил таҳдид қилиб қўнғироқ қилган. Ўзини Виктор Голиндихин деб таништирган нотаниш шахс Филипп уни 800 минг рубль эвазига ёллаганини, улар ўртасидаги ана сулҳ ёзиб олинган телефондаги аудиоёзувни 200 минг рубль эвазига беришини айтган. Ушбу телефон суҳбатида Филиппнинг ўғлига ҳам таҳдид оҳангида гапирган сўзлари бор.
Шунингдек, қотил буюртма берилган ишни содир этишни истамаётгани ва аксинча, Филиппни қамоққа тиқиш учун хонандага ёрдам бериш истагида эканини айтган. Наргиз номаълум шахснинг таклифига рад жавобини берганича йўқ, бироқ у қотилнинг гапларига ишонмаётганини, Филипп билан боғлиқ ушбу можаро – таҳдид, собиқ турмуш ўртоғининг навбатдаги тузоқларидан бири, деб ўйлаётганини айтмоқда.
“Мен ўз ҳаётим учун чиндан ҳам хавотирдаман. Ўғлимни ҳеч бир асоссиз судга берганидан кейин, мен билан шунча йил бирга яшаган инсоннинг асл юзини кўрдим. Ўшанда, ундан ҳамма нарсани кутиш мумкинлигини тушуниб етдим. Қотилнинг менга қўнғироқ илиши ва ёрдам бериш борасидаги таклифни билдириши Филиппнинг навбатдаги тузоғи бўлиши мумкин. У жуда катта қарзга ботган, бу маблағни тўлаш учун эса маблағи йўқ. Бироқ шу билан бирга мендан пул ололмаслигини билади. У ҳамма ўйинларни мендан пул ундириш учун қилаяпти. Айни вақтда нима қилишимни билмаяпман. Продюсерим хавфсизлигимни таъминлаш учун вақтинчалик хос соқчиларни ёллаш кераклигини айтаяпти. Филипп мени ва оиламни тинч қўйишини жуда-жуда истайман”, дейди Наргиз Зокирова.
Маълумотларга қараганда, Наргиз Зокированинг собиқ турмуш ўртоғи билан боғлиқ ишларни Россиялик машҳур бастакор ва хонанда Максим Фадеевнинг адвокати ўрганмоқда.