Боғча қурмоқчи бўлган тадбиркор ҳам шу қишлоқдан. Аввал ИИБ тизимида ишлаб, кейин...
Аммо, қишлоқ халқига нима аҳамиятли, нима зарур, нима маънавий қадрга эга эканини эътиборга ҳам олмаган Наманган туман ҳокимининг шу йил февраль ойидаги қарори билан бу мозор ҳудудига хусусий болалар боғчаси қуришга рухсат берилган. Ўша даврдан бошлаб қишлоқ халқининг, МФЙнинг шикоят қилмаган идораси қолмади. Давлат идоралари эшигида сарғайди қишлоқ оқсоқоллари. Барча шикоятлар айланиб келиб яна туман ҳокимлигига тушмоқда. Ҳокимлик қарорини эса бекор қилиб бўлмаяпти.
Қишлоқ фуқаролари, қурилиш бошланишига йўл бермаслик учун навбатма-навбат гуруҳ бўлиб зиёратгоҳда навбатчилик ўтказишяпти. Ҳаттоки, маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ўша ерга кўчиб борган.
Қишлоқ одами бир нарсани тушунмаяпти: 2017 йил якунланиб, инсон манфаатлари масаласи мозийга айландими? Нега минглаб қишлоқ аҳлининг нуқтаи назари эътиборга олинмаяпти? Нега мавжуд бўлган болалар боғчасидан атиги 200 метр нарига яна бир боғча қуришга туман ҳокимиятидагилар бунчалик ёпишиб олди? Халқ ўртасида ҳақли савол туғиляпти: масала боғча қуришми ёки унинг қурилиши учун ажратиб бўлинган имтиёзли кредитни ўзлаштириш?
Боғча қурмоқчи бўлган тадбиркор ҳам шу қишлоқдан. Аввал ИИБ тизимида ишлаб, кейин... Йўқ, яхшиси у ҳақида умуман гапирмаганим маъқул. Қабрни оёқости қилмоқчи бўлган одамни танимаганингиз, билмаганингиз маъқул.
Наманган тумани ҳокимига саволларимизни шу ердан йўллашни маъқул кўрдик. Боиси ҳоким бутун бошли бир қишлоқ аҳли бу мозорда баррикада қилиб ўтирганини хабар топган бўлса-да, (агар хабарсиз бўлса, унда туманида нима бўлаётганини билмаган бундай ҳокимга “тасанно”) келиб дардларинг нима деб сўрамади.
Ҳурматли ҳоким бува! Президент Шавкат Мирзиёев “халқни норизо қилиб бўлса ҳам боғча қур” деяптими сизга? Халқнинг дардида яшаш дегани, қишлоқ аҳлининг дардини тинглашми ёки битта тадбиркорга кредит ажратиб бериб, бировга кераксиз боғчани қишлоқнинг муқаддас масканида дўнғайтиришми? Наҳотки, бутун бошли қишлоқнинг фикри сизнинг қарорингизни ўзгартирмаса? Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик Кодексининг 10-моддасида Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳитининг ҳолати, тахмин қилинаётган ўзгаришлари, аҳоли пунктларининг бош режалари, уй-жой-фуқаролик объектларининг қурилиши, реконструкцияси, ҳудудларнинг ободонлаштирилиши, муҳандислик ва транспорт коммуникацияларининг ўтказилиши тўғрисида ўз вақтида ва ишончли, тўлиқ ахборот олиш ҳамда шаҳарсозлик фаолияти ҳақидаги ўзга ахборотни олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Шунга қарамай, қишлоқ аҳлидан бехабар бу боғча қуриш тўғрисидаги қарорингизнинг изоҳи сизга қарорни тайёрлаб берган қўл остингиздагиларнинг қонундан бехабарликларими ёки бу ишнинг тагида қандайдир сизга ва бизга номаълум моддий манфаатлари борлигими? Қишлоқ ҳудудида боғча қурилиши учун мақбул ери бўлган тадбиркорлар бор, уларга ўтказса, бўлмайдими кредитни? Мозор ҳудудидан 200 метр нарида мавжуд бўлган болалар боғчаси биносига ҳеч кирганмисиз? Етмиш сотих бўш жой ётибди ўша ерда, бировлар бир қисмига ўзи учун деҳқончилик қиляпти, катта жойлар кераксиз ётибди, ҳовуз деб қурилган қандайдир қаровсиз иншоотнинг майдони 5 сотихга боради... Шу имкониятларни ишга туширса бўлмайдими, қишлоқ аҳлининг ягона қадриятини йўқ қилиш нима учун керак бўлиб қолди?
Умид қиламизки, бу масала ўзининг тўғри ечимини топади. Давлат сиёсатида халқнинг розилиги кун тартибининг энг юқорисидан ўрин олгани ҳали бекор қилинмаганини ҳаммамиз ёдда тутишимиз керак!